Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида яшовчи аёлнинг мурожаати ва уни қўшнилари дўппосаётгани акс этган видео тарқалди. Аёлнинг сўзларига кўра, можаро қўшниларининг моллари унинг уйи ҳудудидан ўтиши учун йўл очиб бериш масаласи сабаб бошланган.
Дўппосланган аёл мурожаатида ўзини Меҳнатобод маҳалласида яшовчи, 8 ёшли қизининг ёлғиз онаси сифатида таништирган. У воқеага қўшнилари сабаб бўлганини айтган. Унинг таъкидлашича, қўшниси Тошвазаргул ва унинг қизлари билан томорқадан мол ўтказиш учун йўл масаласида низо келиб чиққан.
Аёлнинг сўзларига кўра, ушбу масала сабабли у сўнгги олти ой давомида турли тазйиқ ва ҳақоратларга дуч келган. У масъул ходимлар томонидан тегишли чора кўрилмаётганидан норози бўлган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода бир неча аёлнинг жабрланувчи аёлни ерга итариб, судраётгани ва дўппосаётгани кўринади.

Мурожаат муаллифи воқеага эътибор қаратишни сўраб, Ўзбекистон Президенти ва Президент Администрацияси мутасаддиларига мурожаат қилган.
Ҳозирча мазкур ҳолат юзасидан ички ишлар органлари томонидан расмий муносабат ёки жиноят иши қўзғатилгани ҳақида маълумот берилмаган. Аёлнинг билдирган даъволари ва видеода акс этган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилиши кутилмоқда.
Бундан олдин Тошкентда такси ҳайдовчисига нисбатан зўравонлик ишлатиб, уни ҳақорат қилган ҳамда воқеа ҳақида ижтимоий тармоқларда тасдиқланмаган маълумот тарқатган шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилганди. Ҳодиса юзасидан бир шахсга нисбатан безорилик, унинг опасига нисбатан эса туҳмат бўйича иш очилган ва гумонланувчилар қамоққа олинган эди.

Изоҳлар мавжуд емас