Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Махсус комиссия Тошкент вилоятининг Қибрай, Тошкент, Зангиота ва Юқори Чирчиқ туманларида иссиқхоналарни демонтаж қилиш ҳамда уларни сунъий иситиш тизимларидан узиш тадбирларига киришди. Президент ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига асосан бошланган ушбу чора-тадбирлар экологик вазиятни яхшилаш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган.
Куз-қиш мавсумида кўплаб иссиқхоналарда кўмир, мазут ва автомобиль шиналари каби зарарли ёнилғилардан фойдаланилиши атмосферага меъёрдан ортиқ ифлослантирувчи моддалар чиқишига ҳамда аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган эди. Ҳукумат қарорларига мувофиқ, аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратиш ва мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш самарадорлигини ошириш мақсадида иссиқхоналарни иқлим шароити қулайроқ бўлган ҳудудларга кўчириш белгиланган.
Айни пайтда тадбиркорларга Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги "Сурхон-Агро" эркин иқтисодий зонасига кўчиш шартлари ва тақдим этиладиган имтиёзлар тушунтирилиб, шартномалар бекор қилинмоқда.
"Сурхон-Агро" зонасида ўз фаолиятини давом эттирадиган тадбиркорлик субъектлари учун бир қатор давлат қўллаб-қувватлаш чоралари ва имтиёзлари кўзда тутилган. Хусусан, халқаро молия институтлари, мақсадли жамғармалар ва тижорат банклари ҳисобидан миллий ҳамда хорижий валютада ажратилган кредитларни қайтариш муддатлари 5 йилга, шундан имтиёзли даври 3 йилгача узайтирилади. Бунда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаган давлат жамғармаси томонидан илгари берилган кафолатлар ва фоиз ставкаларини компенсация қилиш тартиби сақланиб қолади.
2028 йил 1 апрелга қадар "Сурхон-Агро" зонаси ҳудудига кўчириладиган иссиқхоналарнинг конструктив қисмлари ва ускуналарини демонтаж қилиш, ташиш ҳамда қайта ўрнатиш билан боғлиқ харажатлар ер майдонининг ҳар бир сотихи учун 500 минг сўмгача бўлган миқдорда бир марталик компенсация сифатида қоплаб берилади.

Изоҳлар мавжуд емас