Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Туркиянинг Муғла вилояти Сейдикемер туманида чўмилиш мақсадида дарёга тушган ва кўп ўтмай ғойиб бўлган 21 ёшли Ўзбекистон фуқароси Шоядбек Хлимжоновнинг жонсиз танаси топилди. Маҳаллий ОАВнинг хабар беришича, мазкур мудҳиш ҳодиса туманнинг Чобанлар маҳалласида содир бўлган.
Уйдан чўмилиш учун чиқиб кетган йигитдан узоқ вақт давомида дарак бўлмагач, унинг отаси қидирувга тушган ва дарё қирғоғидан ўғлига тегишли бўлган кийимларни топиб, зудлик билан 112 фавқулодда ёрдам хизматига хабар берган. Хабар асосида воқеа жойига полиция, тиббиёт ходимлари, АФАД (Табиий офатлар ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси), денгиз полицияси ҳамда қутқарув гуруҳлари жалб этилган. Шунингдек, қидирув ишларида Фетҳийе соҳил хавфсизлик қўмондонлиги ғаввослари ҳам иштирок этган.
Олиб борилган кенг қамровли қидирув-қутқарув тадбирлари натижасида Шоядбекнинг жасади дарё ичидан олиб чиқилган. Марҳумнинг танаси воқеа жойидаги тегишли ўрганишлардан сўнг экспертиза ўтказиш учун моргга етказилган. Айни пайтда маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.
Бундан олдин Туркияда икки йилдан буён бедарак йўқолган жиззахлик аёлни топиш мақсадида Истанбулга борган унинг яқинлари ватанга қайтарилганди, бироқ суриштирув ишлари изчил давом этттирилиши билдирилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас