Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. “Ўзбекистон темир йўллари”га ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар беришича, Тошкентда икки нафар мактаб ўқувчиси Instagramдаги саҳифасини ривожлантириш учун метро вагонида томоша уюштиришган.
Эслатиб ўтамизки, Instagram ва Telegram ижтимоий тармоқларида метрода ҳаракатланаётган ўспирин метро вагоннинг юқоридаги ушлагичларига оёқлари билан осилиб туриб, ғалати овоз билан бақираётгани тасвирланган видео тарқатилмоқда.
“Мазкур видеони ўрганиш натижасида воқеа иштирокчиларининг шахси аниқланган. Маълум бўлишича, Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги 105-мактабининг вояга этмаган, 2005 йилда туғилган А.А. ва Т.У. ўқувчилари бу ишга қўл урган. Улар ушбу ҳаракатни Instagram ижтимоий тармоғидаги шахсий саҳифасини ривожлантириш ва обуначилар сонини кўпайтириш мақсадида амалга оширганлар”, - дея маълум қилмоқда “Ўзбекистон темир йўллари”.
Ўсмирлар билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари, мактаб маъмурияти ва ўқувчиларнинг ота-оналари иштирокида тушунтириш суҳбати ўтказилган. Мазкур ҳолат бўйича иш қўшимча кўриб чиқиш мақсадида ўқувчиларнинг яшаш жойидаги вояга этмаганлар билан ишлайдиган бўлимга етказилган.
Компаниянинг қайд этишича, ушбу ҳаракатлар ҳуқуқбузарлик ҳисобланади ва Маъмурий кодекснинг 115-моддасига биноан метрополитендан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши учун фуқароларга ҳамда мансабдор шахсларга тегишли чора кўрилади.
Бундан ташқари, ўсмирлар Ўзбекистонда коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича Республика махсус комиссияси томонидан карантин даврида белгиланган ниқоб режимига риоя қилмаган.
Эслатиб ўтамикзи, ИИВ жамоат тартибини бузаётган ўзбекистонлик тиктокчиларга огоҳлантириш билан чиққан эди. Уларга 15 суткагача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.
Изоҳлар мавжуд емас