Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлигида пойтахтда 300 ўринли, тўртинчи тоифали замонавий тиббиёт муассасаси барпо этилмоқда. Лойиҳа доирасида 700 дан ортиқ иш ўрни яратилиши ва йилига 8,5 мингтагача юқори технологик операциялар ўтказилиши режалаштирилган.
Самарқанд шаҳрида ўтаётган Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиғилиши доирасида Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари Коо Юн Чеол бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ташриф доирасида меҳмонлар Тошкентдаги Болалар миллий тиббиёт марказига бориб, у ерда яратилган шарт-шароитлар билан танишган.
Шу ерда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев, соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров ҳамда Корея делегацияси иштирокида учрашув ўтказилган. Унда икки давлат ўртасидаги тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда изчил ривожланаётгани қайд этилган.
Маълум қилинишича, 2020 йилда барпо этилган ва қиймати 130 миллион доллар бўлган Болалар миллий тиббиёт маркази ҳам Жанубий Корея билан ҳамкорликда амалга оширилган йирик лойиҳалардан бири ҳисобланади. Корея томони мазкур муассаса фаолиятини юқори баҳолаган.
Айни пайтда марказ ҳудудида янги шифохона қурилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳа Корея Республикасининг иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик жамғармаси (EDCF) билан ҳамкорликда амалга оширилади. Унинг умумий қиймати 149,8 миллион долларни ташкил этади. Шундан 124 миллион доллар Корея Эксимбанки кредити, 25,8 миллион доллар эса Ўзбекистон томонидан молиялаштирилади.
Қурилаётган тиббиёт муассасаси 300 ўринга мўлжалланган бўлиб, замонавий ускуналар билан жиҳозланади. Бу ерда йилига минглаб юқори технологик жарроҳлик амалиётларини ўтказиш имконияти яратилади.
Ташриф давомида меҳмонлар янги мажмуа қурилиш жараёни билан ҳам танишган. Шунингдек, томонлар келгусида қиймати 424,3 миллион долларлик йирик тиббиёт кластерини барпо этиш масаласини ҳам муҳокама қилган.

Изоҳлар мавжуд емас