Загрузка
Загрузка
Қозоғистон "олтин виза" жорий қилди: инвесторларга солиқ имтиёзлари ва кенг ҳуқуқлар берилади
Дунё

Қозоғистон "олтин виза" жорий қилди: инвесторларга солиқ имтиёзлари ва кенг ҳуқуқлар берилади

13
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қозоғистонда инвесторлар ва юқори малакали мутахассислар учун "олтин виза" жорий этилди. Янги тартибга кўра, чет элликлар катта миқдорда инвестиция киритиш орқали солиқ имтиёзлари ва давлат хизматларидан кенг фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев миграция сиёсатини янгилашга қаратилган фармонни имзолаган. Ҳужжатга кўра, мамлакат инвесторлар, малакали кадрлар ва истеъдодларни жалб қилишга қаратилган янги моделга ўтмоқда. Бу ўзгаришлар доирасида аввалги квота ва рухсат бериш тизими ўрнига рағбатлантирувчи механизмлар жорий этилмоқда.

Ислоҳотларнинг асосий мақсади — Қозоғистонни инвестициялар ва инсон капитали учун минтақавий марказга айлантириш. Режалаштирилган ўзгаришларни амалга ошириш учун ҳукуматга 2026 йил якунига қадар муддат белгиланган.

Янги тизим доирасида виза турлари қайта кўриб чиқилиб, бир хиллаштирилади ва кенгайтирилади. Жумладан, инвесторлар ва директорлар кенгаши аъзолари учун бизнес визалар, олимлар, шифокорлар, маданият вакиллари ҳамда етакчи олийгоҳ битирувчилари учун малакали ходим визалари жорий этилади. Шунингдек, аниқ инвестиция лойиҳалари иштирокчилари учун вақтинчалик иш визалари ҳам назарда тутилган.

Энг муҳим янгиликлардан бири — "олтин виза" ҳисобланади. Ушбу виза эгалари давлат хизматларидан кенгайтирилган тарзда фойдаланиш имкониятига эга бўлиб, амалда уларнинг ҳуқуқий мақоми маҳаллий фуқароларга яқинлаштирилади.

Шунингдек, "олтин виза" эгалари ва уларнинг оила аъзолари учун катта солиқ имтиёзлари белгиланган. Улар жисмоний шахслар даромад солиғи, мол-мулк ва ер солиқларидан озод қилиниши мумкин.

Ислоҳотларнинг яна бир муҳим йўналиши рақамлаштириш ҳисобланади. Хорижий фуқаролар учун e-Residency модулига эга QazETA ягона платформаси ишга туширилади. У орқали барча жараёнлар "ягона дарча" тамойили асосида масофадан туриб амалга оширилади.

Маълум қилинишича, "олтин виза" олиш учун чет эл фуқаролари Қозоғистон компаниялари устав капиталига ёки маҳаллий қимматли қоғозларга камида 300 минг доллар миқдорида инвестиция киритиши лозим.

Маълумот учун, Ўзбекистонда камида 1 миллион доллар инвестиция киритган хорижийларга фуқароликни соддалаштирилган тартибда бериш режалаштирилганди. Лойиҳага кўра, "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги қонунга ўзгартириш киритилиб, катта миқдорда инвестиция киритган шахслар учун алоҳида тартиб жорий этилиши кўзда тутилган. Шунингдек, мазкур тартиб фақат инвесторлар билан чекланиб қолмайди. Лойиҳада таниқли олимлар, спортчилар, маданият ва санъат арбобларига ҳам имтиёзли асосда фуқаролик бериш имконияти назарда тутилган.

Ҳужжат шарҳида қайд этилишича, ушбу ташаббуснинг асосий мақсади — Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва хорижий сармояларни кенг жалб қилишдан иборат. 

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...