Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон терма жамоаси собиқ футболчиси, беш карра мамлакат чемпиони, 1994 йилги Осиё ўйинлари ғолиби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи ва мураббий Абдусамат Дурмонов 61 ёшида вафот этди. Ўзбекистон футбол ассоциацияси марҳумнинг вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдириб, бу ҳақида маълум қилди.
У Ўзбекистон футболи тарихида ўз ўрнига эга бўлган "Пахтакор" ва "Нефтчи" (Фарғона) жамоаларида тўп сурган. Айниқса, Фарғонанинг "Нефтчи" клуби таркибидаги муваффақиятлари билан мухлислар хотирасида қолган. Хусусан, "Нефтчи" сафида беш карра Ўзбекистон чемпиони (1992, 1993, 1994, 1995, 2001) ва икки карра Ўзбекистон кубоги соҳиби бўлган.
Футболчилик фаолиятини якунлагач, мураббийлик соҳасида ҳам фаолият юритган. Хусусан, "Ёзёвон Лочинлари" жамоасини биринчи лигага олиб чиқишда бош мураббий сифатида меҳнат қилган, шунингдек, "Нефтчи" ва "Истиқлол" (Фарғона) клубларида мураббий сифатида ишлаган.
Спортдаги хизматлари учун давлатимиз томонидан юксак баҳоланиб, "Шуҳрат" медали ва "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи" фахрий унвони билан тақдирланган.
Ассоциациянинг маълум қилишича, унинг ёрқин ўйинлари мухлислар ва шогирдлари хотирасида ҳурмат билан сақланиб қолиши таъкидланган.

Изоҳлар мавжуд емас