Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Сурхондарё вилоятида кучли ёғингарчилик ва сел оқибатида нефть сақлаш иншооти шикастланиб, нефть аралаш суюқлик бир нечта туманлар орқали тарқалди. Расмийларга кўра, ифлосланиш Бойсундан бошланиб, дарё ва каналлар орқали Ангор туманигача етиб борган.
Ижтимоий тармоқларда сув ҳавзаларида нефть аралашмаси оқиб келаётгани акс этган видеолар тарқалганидан сўнг ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти экология органлари изоҳ берган. Унга кўра, кучли ёғингарчилик ва сел натижасида Бойсун тумани ҳудудида жойлашган нефть сақлаш иншоотига зарар етган. Оқибатда нефть аралаш суюқлик табиий оқимлар орқали пастки ҳудудларга тарқалган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ифлосланган оқим Бойсундаги "Хонгаронсой" ҳудудидан бошланиб, оқим бўйлаб Бандихон ва Қумқўрғон туманларига, у ердан "Сурхон" дарёсига тушган. Кейинчалик Жарқўрғон туманидаги "Занг" канали орқали Ангор туманигача етиб боргани аниқланган.
Ҳозирда вазият тегишли идоралар томонидан назоратга олинган. Жарқўрғон туманидаги "Занг" канали ва унга туташ ҳудудларда нефть маҳсулотларини ушлаб қолиш учун махсус тўсиқлар ўрнатилган. Сув юзасидаги нефть қатламлари механик усулда йиғиб олинмоқда.
Шунингдек, ифлосланган сувни ажратиш ва зарарсизлантириш учун махсус техника ва ускуналар жалб қилинган. Бойсун туманида нефть аралашмаси чиқаётган ҳудудда сел йўллари ёпилиб, оқим локализация қилингани маълум қилингнан.
Айни пайтда ҳолат юзасидан атроф-муҳитга етказилган зарар миқдорини аниқлаш, воқеанинг сабабларини ўрганиш ҳамда масъул субъектларга ҳуқуқий баҳо бериш бўйича текширув ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, Surxan Gas Chemical Operating Company қўшма корхонаси фаолияти ҳам ўрганилаётгани айтилганди.

Изоҳлар мавжуд емас