Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 3 август соат 10:00 дан 4 август соат 10:00 гача Мирзо Улуғбек туманидаги сув тақсимлаш иншоотида режали профилактика ишлари ўтказилиши муносабати билан пойтахтнинг айрим ҳудудларида ичимлик суви таъминоти вақтинча тўхтатилади. Шу даврда аҳоли ва ижтимоий объектларни сув билан таъминлаш учун махсус сув ташувчи техникалар жалб этилади.
Маълум қилинишича, профилактика доирасида диаметри 1200 миллиметрли иккита ва 800 миллиметрли учта магистрал зулфин алмаштирилади. Ишлар сув тармоқларидаги босимни меъёрлаштириш, ичимлик сувини барқарор тақсимлаш, тизим ишончлилигини ошириш ҳамда электр энергияси сарфини камайтиришга қаратилган. Бунинг учун 24 соат вақт талаб этилади: 8 соат тармоқларни бўшатиш, 8 соат зулфинларни алмаштириш ва яна 8 соат қувурларни босқичма-босқич тўлдириб, сув таъминотини тиклаш ишлари амалга оширилади.
Вақтинчалик чекловлар 22 та маҳалла, 884 та кўп қаватли уй, 7006 та якка тартибдаги хонадон, 242 та давлат ва ижтимоий соҳа муассасаси ҳамда 33 мингдан ортиқ аҳолига таъсир қилади.
Сув таъминоти узиладиган ҳудудларга махсус техникалар график асосида юборилади. Улар Мирзо Улуғбек, Яшнобод, Миробод, Чилонзор ва Яккасарой туманларидаги маҳаллалар, кўчалар, мактаблар, боғчалар, шифохоналар, давлат идоралари ва бошқа ижтимоий объектларга 3 август куни соат 11:00 дан бошлаб босқичма-босқич ичимлик суви етказиб беради.
Масъуллар вақтинчалик ноқулайликлар учун узр сўраб, аҳолидан зарур миқдордаги ичимлик сувини олдиндан захира қилиб қўйишни сўради. Ишлар тугагач, сув таъминоти босқичма-босқич тўлиқ тикланади.

Изоҳлар мавжуд емас