Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) аъзо мамлакатлар Мусулмонлар диний идоралари раҳбарлари кенгаши Самарқандда бўлиб ўтган йиғилишда 2026 йилги Рамазон ойи ва Ийд ал-Фитр (Рўза ҳайити) санасини биргаликда белгилади. Келишувга кўра, Рамазон ойининг илк куни 19 февраль, пайшанба кунига тўғри келади.
Диний идораларнинг Фатво қўмитаси аъзолари замонавий илмий хулосалар ва фалакиёт маълумотларига таянган ҳолда, ислом оламидаги бирдамликни мустаҳкамлаш мақсадида ушбу қарорни қабул қилдилар. Унга кўра 2026 йил 19 февраль, пайшанба куни Рамазон ойининг бошланиш ойи ҳисобланади.
Ийд ал-Фитр, яъни Рўза ҳайити 2026 йил 20 март, жума кунига тўғри келади.
Ушбу жамоавий қарор Туркий давлатлар мусулмон жамиятлари ўртасидаги аҳилликни кучайтириш ҳамда диний маросимларни уйғунликда адо этиш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда. Идоралар раҳбарлари Рамазон ойи бутун ислом олами ва инсоният учун тинчлик, барокат ва осойишталик олиб келишини тилаб қолганлар.

Изоҳлар мавжуд емас