Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Қишлоқ хўжалиги хизматлари агентлиги жорий йил баҳорида помидор нархи қимматлашганининг расмий сабабини ошкор қилган. Маълум бўлишича, ҳаммасига аномал совуқлар айбдор. Бироқ, ўзбекистонлик мутахассисларнинг прогнозларига кўра, нархлар апрель-май ойларида тушиши керак. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
Қишлоқ хўжалиги хизматлари агентлиги лойиҳа офиси раҳбари Бегзод Салимовнинг сўзларига кўра, январь ойида кузатилган қаттиқ совуқлар таъсири туфайли иссиқхоналарда етиштирилган помидорларнинг пишиши ва сотилиши бироз кечикмоқда.
“Одатда ушбу мавсумда помидор иссиқхоналарда 90 кунда пишиб етилса, бу йил ушбу муддат 120 кунга чўзилмоқда. Бу эса помидорнинг бозорларда бироз камлигига ва нархининг юқори бўлишига сабаб бўлди. Мана ҳозирда иссиқхоналарда помидор ҳосиллари пишиб етилмоқда. Апрелнинг ўрталари ва майнинг бошларида эса иссиқхоналардаги помидорлар ғарқ пишади ва бу унинг бозорларда кўпайишига ва нархларнинг барқарорлашига олиб келади”, -деди у.
Республикамизда умумий 6 минг гектардан зиёд иссиқхоналаримиз мавжуд бўлиб, шундан 3, 5 минг гектари газ орқали, 1,5 минг гектари кўмир ва қолган 1000 гектари бошқа турдаги муқобир ёқилғи турлари орқали иситилади.
2022 йилда республика иссиқхона хўжаликларида 194 минг тонна помидор етиштирилган.
Изоҳлар мавжуд емас