Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Истанбулнинг Умрания туманида Ўзбекистон фуқаролари Дурдона Хакимова ва Сайёра Эргашалиеванинг ўлими бўйича суд қарори чиқарилди. Жиноятда айбланган Дилшод Турдимуротов ва Ғофуржон Камолхўжаевнинг ҳар бирига қасддан, ўта шафқатсизлик билан одам ўлдириш бўйича икки мартадан оғирлаштирилган умрбод қамоқ жазоси тайинланди.
Шунингдек, суд ҳар икки айбдорни марҳумларнинг ўлимида фойдаланиб, уйда ўғрилик қилганликда ҳам айбдор деб топиб, уларнинг ҳар бирига ушбу жиноят бўйича 7 йилдан икки марта қамоқ жазоси берган.
Тергов материалларига кўра, 36 ёшли Дурдона Хакимова ва 32 ёшли Сайёра Эргашалиева Истанбулнинг Умрания туманидаги хонадонда ўлдирилган. Кейин уларнинг жасадлари бўлакларга ажратилиб, шаҳарнинг турли туманларидаги чиқинди қутиларига ташланганди.
Сайёра Эргашалиеванинг оиласи уни 23 январдан буён топа олмагани ҳақида полицияга хабар берганди. Текширувлар давомида Сайёранинг Дурдона Хакимова ўлдирилган хонадонда бўлгани аниқланган.
Хавфсизлик камералари ёзувларида 23 январь куни Сайёрадан кейин Дилшод Турдимуротов ва Ғофуржон Камолхўжаевнинг ҳам хонадонга киргани қайд этилган. 24 январь куни эса уларнинг қора чиқинди қоплари ва оқ чемодан билан бир неча марта уйдан чиққанлари аниқланган.
Терговга кўра, гумондорлар таксида Фотиҳ туманига бориб, чемодандаги жасад бўлакларини чиқинди қутисига ташлаган. Кейин улар пиёда ҳолда Йеникапи Мармарай бекати томон йўл олган.
Судда Ғофуржон Камолхўжаев Сайёра унинг диний никоҳдаги хотини бўлганини ва уни "номус" сабабли ўзи ёлғиз ўлдирганини айтган. У Дурдонанинг ўлимига алоқаси йўқлигини билдирган.
Дилшод Турдимуротов эса фақат Дурдонани "номус масаласи" сабабли ўлдирганини тан олган. У жасадни бўлакларга ажратганини айтиб, қилган ишидан пушаймонлигини билдирган.
Прокурор ҳар икки айбдорга икки мартадан оғирлаштирилган умрбод қамоқ ва уйда ўғрилик қилганлик учун икки мартадан 7 йиллик қамоқ жазоси тайинлашни сўраган.
Суд ушбу талабни қаноатлантирган.

Изоҳлар мавжуд емас