Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Яманда 2022 йилдан бери сақланиб келаётган нисбий сукунат барҳам топди. Жорий йилнинг июль ойидан эътиборан ҳукумат кучлари ва "Ансоруллоҳ" (ҳусийлар) ҳаракати ўртасидаги ҳарбий тўқнашувлар қайта авж олди. Натижада ҳусийлар мамлакатнинг ғарбий соҳили бўйлаб чақмоқдек шиддатли ҳужум уюштириб, Қизил денгиз бўйидаги стратегик муҳим нуқталарни ўз назоратига олди.
Яман ҳукумат кучлари ва Президент кенгаши раҳбарияти ҳусийларнинг босими остида Баб-ал-Мандеб бўғози яқинида жойлашган муҳим Моха порт шаҳрини бой берганини тан олган. Яман Ички қаршилик кучлари вице-президенти Тариқ Салеҳ қўшинларнинг талофат кўрганини, кучларни қайта гуруҳлаш мақсадида жануброқдаги Зубаб шаҳрига чекинганини ва Араб коалицияси билан мувофиқлашган ҳолда янги қўмондонлик маркази тузилаётганини маълум қилган.
Ҳукумат қўшинлари чекингач, "Ансоруллоҳ" отрядлари Баб-ал-Мандеб бўғози марказида жойлашган ва кемалар қатновини иккита хавфсиз йўлга бўлувчи энг йирик Перим (Маюн) оролини ҳамда Қизил денгиздаги Зугар оролини эгаллаб олган. Бунинг эвазига ҳусийлар бўғознинг бутун шимолий (осиё) соҳили ва транзит сув йўли устидан амалда тўлиқ назорат ўрнатган.
Жорий йилнинг июль ойида Саудия Арабистони томонидан Сано аэропортига берилган зарбалардан сўнг, ҳусийлар Ар-Риёдга қарши денгиз блокадасини эълон қилган эди. Эндиликда "Ансоруллоҳ" вакиллари Баб-ал-Мандеб орқали кемалар қатнови барча учун очиқлиги, фақат Саудия Арабистони учун ёпиқлигини ҳамда Қизил денгиздаги саудияликларга тегишли танкерлар ва нефть етказиб бериш йўлларига ҳужумлар давом эттирилишини билдирган.
Мазкур низо Очиқ денгиздаги глобал савдо, айниқса дунё контейнер ташувларининг салкам учдан бир қисми ўтадиган стратегик йўлак учун жиддий хавф туғдирмоқда. Саудия Арабистони ҳусийларнинг ҳужумларига жавобан Ямандаги нишонларга ҳаво зарбалари беришни кучайтирган. Шунингдек, Ар-Риёд Покистон орқали Теҳронга мурожаат йўллаб, ҳусийларни тўхтатишни сўраган, бироқ Эрон томони "Ансоруллоҳ"ни тўлиқ назорат қилмаслигини билдирган.
Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон ўртасида Маккада тузилган ўзаро мудофаа шартномасига қарамай, Исломобод расмийлари ҳусийларга қарши бевосита ҳарбий ҳаракатлар кун тартибида турмаганини таъкидламоқда. АҚШ Президенти Дональд Трамп Қизил денгиздаги кемалар ҳаракати тўсиб қўйилган тақдирда қатъий чоралар кўрилишини маълум қилган бўлса-да, Вашингтон ҳозирда Эрон билан давом этаётган низо сабабли Яманга тўғридан-тўғри ҳарбий аралашувни кечиктирмоқда.
Аввалроқ Ямандаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи Ансоруллоҳ (ҳусийлар) ҳаракати Қизил денгизда Саудия Арабистонига тегишли нефть танкерига ракета ва дронлар орқали зарба берганди. Саудия Арабистонининг Encelia кемасига уюштирилган ҳужум оқибатида ёнғин келиб чиққан бўлса-да, экипаж аъзоларига зарар етмаган.

Изоҳлар мавжуд емас