Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг марказида қад ростлаётган Миллий музей мажмуасининг қурилиш жараёни билан яқиндан танишди. Мазкур улкан маданий ва маърифий объект фойдаланишга топширилгач, бир вақтнинг ўзида 3,5 минг нафаргача ташриф буюрувчини қабул қилиш имкониятига эга бўлади. Музейнинг экспозиция залларида 10 мингга яқин ноёб тарихий ва санъат ёдгорликлари жойлаштирилиши режалаштирилган.
Музей 3,9 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, бинонинг умумий майдони 40 минг квадрат метрдан ошади. Комплекс учта ер усти ва иккита ер ости қаватидан иборат бўлади. Лойиҳа дунёга машҳур Япониянинг Tadao Ando Architect & Associates архитектура бюроси томонидан ишлаб чиқилган бўлса, унинг концепцияси ва экспозиция дизайни Германиянинг Atelier Brückner компанияси томонидан тайёрланган.
Мажмуа майдонининг салкам 60 фоизи илмий ва таълим йўналишидаги фаолиятга ажратилади. Бу ерда кўргазма залларидан ташқари, бой кутубхона, замон талабларига мос реставрация лабораториялари ва конференция заллари фаолият юритади. Қурилиш ишлари якунлангач, музей Абулқосим мадрасаси, Халқлар дўстлиги санъат саройи ва Миллий парк билан ягона меъморий ансамблни ташкил этади.
Шунингдек, янги музей базасида дунёнинг етакчи маданий масканлари, жумладан, Лувр, Метрополитен ва Британ музейлари билан ҳамкорликда қўшма кўргазмалар ташкил этиш кўзда тутилган. Давлат раҳбари қурилиш ишларини белгиланган муддатларда ва юқори сифатда якунлаш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
4 сентябрь куни ҳам Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентда янги Замонавий санъат марказига ташриф буюриб, бу ерда яратилган шароитлар, кўргазма ва таълим майдонлари ҳамда марказнинг келгусидаги фаолияти билан танишганди. Замонавий санъат маркази Ўзбекистонда ушбу йўналишга ихтисослашган биринчи давлат муассасаси ҳисобланади. Марказда кўргазмалар, маърузалар, очиқ мулоқот ва муҳокамалар, фильм намойишлари, концертлар, перформанслар, ижодий устахоналар ҳамда арт-резиденция дастурларини ташкил этиш режалаштирилган.

Изоҳлар мавжуд емас