Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Рақобат қўмитаси WB Taxi компанияни йўловчиларни ташиш бўйича буюртмаларни жойлаштириш ва такси хизматларини кўрсатишга имкон берувчи агрегаторлик хизматлари бозорида устун мавқега эга рақамли платформа оператори деб эътироф этди.
Қўмита маълум қилишича, тегишли қарор асосида компания фаолиятида монополияга қарши комплаенс тизими мажбурий тартибда жорий этилади. Шунингдек, операторнинг рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя қилиши мунтазам мониторинг қилиб борилади.
Ушбу чоралар устун мавқени суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган.
Қўмита хабарида WB Taxi компаниясининг бозордаги улуши, устун мавқеини эътироф этиш мезонлари ёки қарорнинг кучга кириш санаси ҳақида қўшимча маълумот берилмаган.
Аввалроқ ушбу ташкилот бозорда устун мавқега эга бўлган компанияларни нархларни асоссиз оширишга йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантирганди. Регулятор мониторингни кучайтирди ва товарлар ва хизматлар нархининг шаклланиши устидан назорат доимий равишда амалга оширилишини маълум қилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас