Загрузка
Загрузка
Садыр Жапаров сайловгача ўзбек-қирғиз халқлари ўртасида низо чиқариш режаси ҳақида огоҳлантирди
Жамият

Садыр Жапаров сайловгача ўзбек-қирғиз халқлари ўртасида низо чиқариш режаси ҳақида огоҳлантирди

28
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.   Қирғизистон президенти Садыр Жапаров айрим сиёсатчилар мамлакат жанубида сайловгача ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасида миллатлараро низо келтириб чиқаришни муҳокама қилаётгани ҳақида маълумот олганини билдирди. У аҳолини турли провокацияларга берилмасликка ва шубҳали ҳаракатлар ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беришга чақирди.

Жапаров бу ҳақда 12 ноябрь куни ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилган мурожаатида маълум қилди.

Президентнинг таъкидлашича, унга бир нечта манбадан айрим сиёсатчиларнинг сайлов арафасида мамлакат жанубида ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида низо чиқариш, шу орқали сайлов жараёнини издан чиқариш режалари муҳокама қилинаётгани ҳақида хабар келиб тушган. Унинг фикрича, бундай низоларни келтириб чиқариш учун одамларнинг ҳиссиётлари ва миллий ғурурига таъсир қилувчи ёлғон хабарлар тарқатилиши мумкин.

Жапаров 1990 ва 2010 йиллардаги ўзбек-қирғиз тўқнашувларини эслатиб, ўша воқеаларда ҳар икки халқнинг кўплаб оддий фуқаролари ҳалок бўлганини қайд этган. Унинг айтишича, можароларни келтириб чиқарган сиёсий кучлар ва уларнинг яқинлари бу воқеалардан зарар кўрмаган, оқибатда эса оддий аҳоли жабрланган ва айримлар узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Қирғизистон раҳбари, айниқса, ўша воқеаларни кўрмаган 20–25 ёшли ёшларни провокацияларга учмасликка чақирган. У катта авлод вакилларидан эса ёшларга миллатлараро низоларнинг аянчли оқибатларини тушунтириб боришни сўраган.

Президентнинг таъкидлашича, бугунги Қирғизистон 1990 ва 2010 йиллардаги каби заиф давлат эмас. Агар тўқнашув юзага келса, давлат уни бир-икки кун ичида тўхтатиш имкониятига эга. Бироқ бундай вазиятда барибир жабрланганлар бўлиши мумкин.

Шу муносабат билан у аҳолини миллатлараро адоват қўзғатувчи чақириқлар ёки ҳаракатлар ҳақида Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси, Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари ёки маҳаллий ҳокимият органларига хабар беришга чақирган.

Жапаров мурожаатида Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли лойиҳасига ҳам тўхталган. Унинг фикрича, айрим сиёсий кучлар аввал Хитой мавзуси орқали жамоатчиликда норозилик уйғотишга уринган, бу натижа бермаганидан кейин эса икки қардош халқ ўртасида низо чиқариш режасини илгари сураётган бўлиши мумкин.

Президент темир йўл қурилиши Қирғизистоннинг келажаги ва иқтисодий имкониятлари учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаган. Шунингдек, миллатлараро адоватни қўзғатишга уринганларга нисбатан қатъий чоралар кўрилишини билдирган.

У мамлакат учун энг муҳим вазифа тинчлик ва барқарорликни сақлаш эканини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Қирғизистон президенти Садир Жапаров Марказий сайлов комиссиясига давлат раҳбари лавозимига номзодини кўрсатиш тўғрисида ариза топширди. У 2027 йилги президентлик сайловларида ўзини ўзи номзод қилиб кўрсатиш тартибида иштирок этмоқчи.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...