Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШнинг Нью-Йорк шаҳри Бруклин туманида 2026 йил 11 ноябрь куни уч қаватли турар жой биноси ёнидаги қурилиш майдонига қулаб тушди. Ҳодиса оқибатида уч киши ҳалок бўлди, 17 киши жароҳатланди, уларнинг етти нафари болалардир.
Ҳодиса Бруклиннинг Флетбуш маҳалласида, Флатбуш ва Бедфорд кўчалари кесишмасида содир бўлган. Бино ёнидаги ҳудудда қазиш ишлари олиб борилаётган пайтда қулаб, қурилиш учун қазилган чуқурликка тушган.
Қулаган иншоотнинг биринчи қаватида савдо шохобчаси, юқори қаватларида эса хонадонлар бўлган. Нью-Йорк ёнғин хавфсизлиги хизмати маълумотига кўра, ҳодиса жойига 250 дан ортиқ қутқарувчи ва тиббиёт ходими жалб этилган.
Қутқарувчилар вайроналар остида қолганларни қидиришда махсус итлар, дронлар ва бошқа техник воситалардан фойдаланган. Жароҳатланганларнинг тўрт нафари оғир аҳволда экани билдирилган.
Қулаш оқибатида қўшни бинолардан бирининг ташқи девори ҳам шикастланган. Мутахассислар атрофдаги иншоотларнинг барқарорлигини текширмоқда. Ҳодисанинг аниқ сабаби ҳозирча маълум эмас, қурилиш майдонидаги қазиш ишлари фалокатга сабаб бўлган-бўлмагани ҳам текширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марокашнинг Фос шаҳрида икки бино қулаб тушиши оқибатида 19 киши ҳалок бўлганди.

Изоҳлар мавжуд емас