Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қозоғистонда "Самрук-Қазина" миллий фаровонлик жамғармаси бошқаруви раиси Нурлан Жақупов ва "Қазақстан темир жолы" раҳбари Елжас Отиншиев ушлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Воқеалар фонида Остонадаги Atlant-6 турар жой мажмуаси яқинида саккизта жомадон ва АҚШ долларига ўхшаш купюралар топилган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда пуллар тротуарга сочилиб кетгани акс этган.
Бугун, 12 ноябрь куни ОАВ тарқатган хабарларда икки раҳбар вақтинча сақлаш изоляторига жойлаштирилгани айтилмоқда. Шунингдек, уларга нисбатан Қозоғистон Жиноят кодексининг 24-моддаси 3-қисми ва 366-моддаси 4-қисми қўлланиши мумкинлиги ҳақида маълумотлар келтирилган. Бироқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бу хабарларни ҳозирча расман тасдиқламаган.
Маълумотларга кўра, Остонада Қунаев кўчасидаги Atlant-6 турар жой мажмуаси яқинида саккизта жомадон топилган. Шубҳали буюмлар ҳақида полицияга 102 рақами орқали хабар берилган ва воқеа жойига ходимлар юборилган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда тротуарга сочилиб кетган, АҚШ долларига ўхшаш купюралар, уларнинг ёнида эса сумка ва жомадонлар турганини кўриш мумкин. Нашр манбалари жомадонлар квартира деразасидан ташлаб юборилган бўлиши мумкинлигини билдирган. Буни коррупция ишига алоқадор шахслардан бирининг рафиқаси амалга оширгани ҳақида ҳам тахминлар бор.
Шу билан бирга, жомадонларда ҳақиқатан ҳам пул бўлгани, купюралар асл доллар экани, улар кимга тегишлилиги ва топилманинг Жақупов ҳамда Отиншиевга нисбатан терговга алоқаси бор-йўқлиги ҳозирча аниқ эмас. Айрим манбалар эҳтимолий пора миқдори 80 миллион долларгача етиши мумкинлигини ҳам ёзган, аммо бу рақам ҳам расман тасдиқланмаган.
Шунингдек, Жақупов Остонадаги Atlant турар жой мажмуасида, Отиншиев эса пойтахтдаги "Танжир" лаунж-барида қўлга олингани ҳақида маълумотлар тарқалган. Бу хабарлар, шунингдек, уларга нисбатан қўйилган эҳтимолий айбловлар бўйича расмий изоҳ берилмаган.

Изоҳлар мавжуд емас