Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳрида жамоат транспортини тизимли ривожлантириш ва кўчалардаги тирбандликларни камайтириш мақсадида йирик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилади. Мазкур режа доирасида пойтахтда учта янги тезкор автобус йўналиши (BRT) ташкил этилиши ҳамда аҳоли орасида "Юнусобод универсами круги" сифатида танилган айланма йўл ўрнида туннел қурилиши кўзда тутилган.
Tashkent Invest компанияси ажратилган автобус йўлаклари — BRT тизимини яратиш бўйича халқаро муҳандислик маслаҳатчиси хизматларини харид қилиш учун расман танлов эълон
қилган. Лойиҳага кўра, янги тезкор автобус линиялари Шаҳрисабз, Амир Темур ва Янги Сергели кўчаларида барпо этилади. Шу билан бир вақтда, Юнусобод туманидаги транспорт оқимини сезиларли даражада енгиллаштириш мақсадида Амир Темур, Янгишаҳар ва Рихсилий кўчалари кесишмасида замонавий туннел қурилади.
Танловда ғолиб чиққан муҳандислик маслаҳатчиси 240 кун давомида техник назорат, қурилиш жараёни мониторинги ҳамда лойиҳани мувофиқлаштириш хизматларини кўрсатиши лозим бўлади. Мазкур лойиҳанинг биринчи босқичи учун 6,28 миллиард сўм маблағ ажратилган. Шартнома бўйича тўловлар ҳар ой тенг улушларда амалга оширилиб, маблағнинг 15 фоизи аванс тариқасида, қолган қисми эса кейинги ойнинг якунига қадар тўлаб борилади.
Ушбу танловда маҳаллий ва хорижий консалтинг компаниялари, муҳандислик ташкилотлари ҳамда мустақил экспертлар иштирок этишлари мумкин. Шунингдек, ширкатларнинг ўзаро консорциум шаклида бирлашиб қатнашишига ҳам рухсат берилган. Иштирокчилар ўзларининг техник ва молиявий таклифлари билан бирга 62,85 миллион сўмлик гаров ёки банк кафолатини ҳам тақдим этишлари шарт.
Танловда қатнашиш учун аризалар жорий йилнинг 2 июнига қадар қабул қилинади, саралаш натижалари эса беш иш куни ичида жамоатчиликка эълон қилинади.
Бундан аввал пойтахтнинг Қўйлиқ бозоридан Нурафшон шаҳри марказигача бўлган масофада BRT тизимини ўз ичига олган замонавий йўл инфратузилмаси барпо этилиши билдирилганди. Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши томонидан маъқулланган ушбу лойиҳа концепцияси доирасида жами 9 та бекат, йўл ўтказгичлар ва ер ости йўллари қурилиши режалаштирилган.

Изоҳлар мавжуд емас