Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Ўзбекистон Термиздаги Ўқув марказида афғон мутахассисларини тайёрлаш учун Хитой, Германия ва АҚШдан грант маблағларини жалб этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақида мухбиримиз хабар бермоқда.
Ушбу Марказ 2018 йил январь ойида очилган. Афғон ёшлари бу ерда 17та олий ва 16та ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими йўналишлари бўйича таълим олиш имкониятига эга.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти вакилларининг айтишича: "Чет эллик ҳамкорлар билан биргаликда марказда афғонлар учун уларнинг эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда қисқа муддатли курслар ташкил этиш режалаштирилган. Хусусан, Хитой томони Афғонистон Қишлоқ тараққиёти вазирлиги вакиллари учун курслар ташкил этиш масаласини кўриб чиқмоқда. Шу билан бирга, америкаликлар йўлларни қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича афғон муҳандислари ва гиёҳванд моддаларга қарши курашиш бўйича афғон полицияси малакасини оширишни режалаштирган".
Бундан ташқари, Европа Иттифоқи давлатлари, шу қаторда Германиянинг молиявий кўмаги асосида афғонистонлик тиббий ходимларнинг Ўқув марказида ўқишини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Германия ушбу мақсадлар учун 17,5 миллион евро ажратган.
Бугунга қадар марказда 136 афғон талабаси ўқишни якунлаган. Улардан 96 нафари ўзбек тили ва адабиёти бўйича бакалавр даражасини олган, 40 киши рус тили бўйича ва қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорлик кўникмаларига оид қисқа муддатли курсларни ўтаган. Бугунги кунда уларнинг маълум қисми мамлакат парламентида, вазирлик ва идораларида фаолият юритишмоқда. Қолаверса, айримлари Афғонистон университетларида дарс беришмоқда, мустақил бизнес билан ҳам шуғулланишмоқда.
2019 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб 172 талаба, шу жумладан 46 нафар қизлар Ўқув марказида ташкил этилган “ўзбек тили ва адабиёти”, “акушерлик ва ҳамширалик иши”, “ер усти транспорт тизимлари ва улардан фойдаланиш” йўналишлар бўйича таҳсил олмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ўқув дастури билан бир қаторда Афғонистон фуқаролари учун тикувчилик ва сартарошлик, гилам тўқиш, қолиплаш, чизмачилик, амалий санъат, ҳайкалтарошлик ва бошқа оммабоп касблар бўйича тўгараклар ҳам мавжуд. Бу бир томондан, талабаларнинг бўш вақтларини янада самарали ташкил этиш имконини берса, иккинчи томондан эса келажакда қўшимча даромад олишларига қулайликлар яратади.
Изоҳлар мавжуд емас