Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Вазирлар Маҳкамасининг 17 сентябрдаги 501-сонли қарори билан педагог ходимларнинг давлат олий таълим муассасаларига ўқишга кирган ва таҳсил олаётган фарзандлари учун тўлов-контракт суммасига чегирма ажратиш тартиби тасдиқланди.
Ҳужжатга мувофиқ, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим ташкилотларининг бакалавриат босқичида кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган педагогларнинг фарзандлари учун тўлов-контракт суммасига 30 фоиз миқдорида чегирма жорий этилади. Агар педагогнинг бир нечта фарзанди контракт асосида ўқиётган бўлса, имтиёз уларнинг ҳар бирига алоҳида қўлланилади.
Чегирма ўқув йили учун бир марта берилади. У шартнома олиш мақсадида kontrakt.edu.uz тизими орқали юборилган ариза асосида икки иш куни ичида кўриб чиқилади. Аризачининг педагог фарзанди экани "Рақамли ҳукумат" тизимининг идоралараро платформаси орқали тасдиқлангач, чегирма автоматик тарзда шаклланади.
Шу билан бирга, мазкур енгиллик олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари, нодавлат ва хорижий олий таълим ташкилотлари ҳамда уларнинг филиаллари, қўшма таълим дастурлари ва табақалаштирилган (супер) контракт бўйича таҳсил олувчиларга нисбатан татбиқ этилмайди. Агар ота-она педагоглик тоифасидан маҳрум этилса, кейинги ўқув йилидан бошлаб чегирма ажратиш тўхтатилади.
Олдинроқ Ўзбекистонда педагог ва раҳбар ходимларга "1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни" муносабати билан бериладиган бир марталик мукофот пули миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 75 фоизигача оширилганди.

Изоҳлар мавжуд емас