Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Россиянинг Уфа шаҳри туман суди ҳукмига кўра, 11 та автомобиль иштирокидаги оммавий йўл-транспорт ҳодисасини содир этган 28 ёшли Ўзбекистон фуқароси 9 йил муддатга умумий тартибли колонияга ҳукм қилинди.
Уфа махаллий ОАВ берган маълумотларига кўра, воқеа 2025 йилнинг октябрь ойида содир бўлган. Унда ўзбекистонлик ҳайдовчи тегишли ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ҳолда самосвалини бошқариб, белгиланган юк меъёрини оширган, йўл ва об-ҳаво шароитини ҳисобга олмай, тезликни ошириб ҳаракатланган.
Оқибатда бошқарувни йўқотган юк машинаси Уфа шоссеси ва Чудская кўчалари чорраҳасида 11 та автомобилни уриб кетган.
Ҳодиса оқибатида уч киши ҳалок бўлган, яна бир йўловчи оғир тан жароҳати олган.
Суд судланувчини Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 264-моддаси 6-қисми "в" банди (эҳтиётсизлик оқибатида икки ёки ундан ортиқ кишининг ўлимига сабаб бўлиш) бўйича айбдор деб топган. Озодликдан маҳрум қилиш жазосидан ташқари, унга жазони ўтаб бўлганидан сўнг уч йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш чеклови ҳам юкланган.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда ЙПХ инспектори Ҳосилбек Эшназаровни уриб кетган вояга етмаган Дониёр Турғунов 2 йил 4 ойга озодликдан маҳрум этилганди.

Изоҳлар мавжуд емас