Загрузка
Загрузка
Жанубий Корея Марказий Осиё билан янги ҳамкорлик тизимини бошлади: қандай келишувлар имзоланди ва бу мамлакатларга нима беради?
Сиёсат

Жанубий Корея Марказий Осиё билан янги ҳамкорлик тизимини бошлади: қандай келишувлар имзоланди ва бу мамлакатларга нима беради?

20
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  Сеулда илк бор Жанубий Корея ва Марказий Осиёнинг бешта давлати раҳбарлари бир стол атрофида тўпланди. Саммит якунида "Сеул декларацияси" қабул қилиниб, учрашувларни ҳар икки йилда ўтказишга келишилди. Қозоғистон 2028 йилда навбатдаги саммитга мезбонлик қилади. Учрашув олдидан ва унинг доирасида 70 дан ортиқ келишув ва меморандум имзоланди. Асосий йўналишлар — муҳим минераллар, энергетика, саноат, инфратузилма, сунъий интеллект, таълим ва таъминот занжирлари.

Саммитнинг энг муҳим натижаси нима?

16 сентябрда Сеулда ўтказилган биринчи "Марказий Осиё — Корея Республикаси" саммити минтақадаги беш давлат — Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон — билан Корея ўртасидаги муносабатларни президентлар даражасидаги доимий мулоқот форматига олиб чиқди.

Бунга қадар Корея ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорлик асосан 2007 йилда ташкил этилган "Корея — Марказий Осиё ҳамкорлик форуми" орқали ривожланиб келган. 2017 йилда форумнинг доимий котибияти ҳам ташкил этилган. Энди эса мулоқот давлат раҳбарлари даражасига кўтарилди.

Саммитнинг асосий сиёсий ҳужжати — "Сеул декларацияси". Унда ҳамкорликнинг тўртта асосий йўналиши белгилаб берилди: шерикликни институционаллаштириш; тинчлик ва барқарорлик; инновация ва фаровонлик; инсонлар ва ишонч орқали боғланиш.

Шу билан бирга, Корея ва Марказий Осиё давлатлари саммитни ҳар икки йилда ўтказишга келишди. Кейинги учрашув 2028 йилда Остонада бўлиб ўтади.

Корея Марказий Осиё мамлакатларидан қайси ресурс ва имкониятларни олмоқчи? 

Бу саммитнинг иқтисодий моҳиятини тушуниш учун "муҳим минераллар" тушунчасига эътибор бериш керак.

Жанубий Корея саноати учун литий, уран, мис, камёб ва ноёб металлар каби ресурслар стратегик аҳамиятга эга. Кореянинг ўзи табиий ресурсларга бой эмас. Шунинг учун Сеул таъминот занжирларини бир нечта мамлакат ва минтақага тақсимлашга ҳаракат қилмоқда.

Reuters хабар беришича, саммитда Кореянинг асосий мақсадларидан бири нефть, уран ва стратегик минераллар импортини диверсификация қилиш ҳамда корейс компаниялари учун янги бозорларни очиш бўлган.

Аммо гап фақат хомашёни сотиб олиш ҳақида эмас.

Корея томони Марказий Осиёда қидирувдан тортиб юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш занжирини яратишни таклиф қилган.

Яъни руда ёки металлни олиб кетиш ўрнига, уни минтақанинг ўзида қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга Корея технологиясини жалб қилиш мақсад қилинмоқда. Бу Марказий Осиё учун иш ўринлари ва қўшимча қиймат яратиши, Корея учун эса хомашё таъминотини барқарорлаштириши керак.

Шу мақсадда "Корея — Марказий Осиё саноат ва таъминот занжирлари бўйича ҳамкорлик" меморандуми имзоланган ва саноат вазирлари даражасида доимий маслаҳатлашув механизми яратилган.

Марказий Осиё мамлакатлари Корея билан ҳамкорликдан нима олади? 

Минтақа учун Кореянинг асосий устунлиги — технология, капитал, саноат тажрибаси ва юқори технологик ишлаб чиқариш.

Саммитда ресурслар билан технологияни бирлаштириш ғояси бир неча бор илгари сурилди. Марказий Осиё давлатлари ўз ресурслари, бозорлари ва географик жойлашувини таклиф қилса, Корея технология, молия, ишлаб чиқариш ва бошқарув тажрибасини таклиф қилмоқда.

Шунинг учун ҳам саммит доирасида фақат хомашё эмас, темир йўл, логистика, энергетика, аэропортлар, саноат корхоналари, рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва "яшил" энергетика бўйича келишувлар имзоланди.

Ўзбекистон учун энг муҳим натижалар

Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги икки томонлама музокаралар саммитдан икки кун олдин — 14 сентябрда бўлиб ўтган.

Унда 13 та ҳужжат имзоланган. Улар транспорт, авиация, қишлоқ хўжалиги, туризм, сунъий интеллект, техник кўмак, олий, мактаб ва мактабгача таълим, тиббий маҳсулотларни тартибга солиш, экология, иқлим ўзгариши, интеллектуал мулк ва архив соҳаларини қамраб олган. Айниқса, транспорт ва инфратузилма йўналиши муҳим.

Корея компанияларининг Ўзбекистондаги юқори тезликдаги темир йўл лойиҳаларида иштирокини кенгайтириш, 8 та юқори тезликдаги поезд таркибини жорий этиш бўйича меморандум имзоланган. Сунъий интеллект ва ишлаб чиқаришни рақамли трансформация қилиш бўйича ҳам алоҳида меморандум қабул қилинган.

Бундан ташқари, икки давлат мудофаа саноати бўйича ҳам ҳамкорликни кенгайтириш, маҳкумларни топшириш тўғрисидаги шартнома ва грант ёрдами бўйича битимга ўзгартишлар киритиш ҳақидаги протоколни имзолаган.

Ўзбекистоннинг саммитдаги таклифлари эса янада кенгроқ бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2030 йилга бориб Марказий Осиё ва Корея ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 20 миллиард долларга етказиш имконини берувчи саноат ва савдо вазирлари мулоқот платформасини ташкил этишни қўллаб-қувватлаган.

Шунингдек, Ўзбекистонда минтақа бозори учун ишлайдиган "Марказий Осиё — Корея" саноат-технологик паркини ташкил этишга тайёрлик билдирган.

Яна бир муҳим таклиф — муҳим минераллар бўйича Минтақавий инвестиция альянсини ташкил этиш. У геология-қидирувдан тортиб, қазиб олиш, чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнларни бирлаштириши керак.

Қозоғистонда 19 миллиард долларлик келишувлар

Саммит доирасида энг йирик рақамлардан бири Қозоғистон билан боғлиқ.

Қозоғистон ва Корея ўртасидаги музокаралар натижасида тахминан 19 миллиард долларлик тижорий келишувлар имзоланган. Қозоғистон ҳукумати маълумотига кўра, Корея мамлакатнинг энг йирик савдо ҳамкорларидан бири бўлиб, унга киритилган корейс инвестицияларининг умумий ҳажми 12 миллиард доллардан ошган. Мамлакатда корейс капитали иштирокида 1000 дан ортиқ қўшма корхона ишламоқда.

Икки давлат муносабатларни келажакка йўналтирилган кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтарган. Келишувлар ядровий энергетика, нефть, муҳим минераллар ва бошқа соҳаларни қамраб олган.

Қозоғистон томони Кореяга энергия ресурслари етказиб беришни кенгайтириш, биргаликда геологик қидирув олиб бориш ва янги конларни ўзлаштиришга тайёрлигини билдирган. "Тоза водород", "тоза кўмир" ва ядровий технологиялар бўйича ҳам қўшма лойиҳалар муҳокама қилинган.

Энг қизиқ йўналишлардан бири — камёб ва ноёб металларни чуқур қайта ишлаш. Олмаотада Корея технологияларни ривожлантириш институти иштирокида камёб ва ноёб металларни тадқиқ қилиш бўйича қўшма марказ ташкил этиш режалаштирилмоқда. Мақсад — қазиб олишдан кейинги босқичларни ҳам шу тизимга қўшиш: ярим ўтказгичлар, микроэлектроника, аккумуляторлар, электромобиллар ва робототехника учун деталлар ишлаб чиқаришгача бўлган занжирни яратиш.

Қирғизистон билан келишувлар минераллардан тортиб "ҳалол" бозоригача

Қирғизистон ва Корея 18 та ҳужжат имзолаган.

Улар савдо ва инвестициялар, муҳим минераллар, "ҳалол" маҳсулотлар бозори, инфратузилма, чорвачилик технологиялари, энергетика ва интеллектуал мулкни қамраб олган. Томонлар маданият ва спорт, божхона, трансмиллий жиноятчиликка қарши кураш ва фавқулодда вазиятларни бошқариш соҳаларида ҳам ҳамкорлик қилишга келишган.

Алоҳида аҳамиятга эга келишув — ҳалол сертификатларини ўзаро тан олиш.

Бу Кореяда сертификатланган озиқ-овқат ва косметика маҳсулотларининг Қирғизистон бозорига киришида такрорий синов ва сертификатлаш жараёнларини қисқартиришга қаратилган.

Тожикистон билан эса темир йўл, минераллар ва AI соҳасида ҳамкорлик

Корея ва Тожикистон ўртасида 17 та келишув имзоланган. Улар тўқимачилик, кимё ва машинасозлик маҳсулотлари экспорти, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар бўйича ҳамкорликни қамраб олади.

Шунингдек, темир йўл, транспорт ва логистика, интеллектуал мулк, энергетика, саноат хавфсизлиги ҳамда муҳим минераллар бўйича ҳам ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилган.

Божхона ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида трансмиллий жиноятчиликка қарши ҳамкорлик, кадрлар сиёсати, коррупцияга қарши чоралар ва таълим соҳалари ҳам келишувларга киритилган.

Туркманистон 16 йил кутилган инвестиция келишувига эришди

Туркманистон ва Корея ўртасида 13 та келишув ва меморандум имзоланган. Улар энергетика, инфратузилма, кимё саноати, темир йўл, сув ресурслари, хавфсизлик ва инвестицияларни қамраб олган.

Энг муҳим ҳужжатлардан бири — инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим. Корея ва Туркманистон бу масала бўйича 16 йилдан бери музокара олиб борган. Битим инвесторларга ўзаро энг қулай шартларни бериш, инвестиция мусодара қилинган ҳолларда компенсация механизмларини белгилаш, инвестор ва давлат ўртасидаги низоларни ҳал қилиш ҳамда маблағларни эркин ўтказиш бўйича кафолатларни назарда тутади.

Бу ҳужжат Корея компанияларининг Туркманистонга кириши учун ҳуқуқий асосни кучайтиради. Инфратузилма бўйича меморандум эса корейс компанияларининг нефть-газ, кимё, қурилиш, транспорт ва логистика лойиҳаларида иштирокини кенгайтиришга қаратилган.

Яна бир амалий йўналиш — Қорақум каналини модернизация қилишда Корея сув технологияларидан фойдаланиш.

Корея учун яна бир муҳим масала — хавфсизлик

Саммит иқтисодиёт билан чекланмади. Сеул Марказий Осиё давлатларидан Шимолий Корея ядровий муаммосини ҳал қилиш, Корея яриморолида мулоқотни тиклаш ва доимий тинчлик тизимига ўтиш бўйича ўз позициясини қўллаб-қувватлашни сўраган.

Корея эса Марказий Осиё давлатлари билан терроризм, трансмиллий жиноятчилик ва киберхавфларга қарши ҳамкорликни кучайтиришга тайёрлигини билдирган.

Туркманистон алоҳида икки томонлама учрашувда Кореянинг Шимолий Корея бўйича тинч мулоқотга асосланган ёндашувини қўллаб-қувватлашини билдирган.

AI ва рақамли технологиялар — янги йўналиш

Саммитда сунъий интеллект алоҳида йўналиш сифатида белгилаб берилган. Корея ва Марказий Осиё *"Келажак AI ва фан-технологиялар бўйича ҳамкорлик ташаббуси"ни қабул қилган. У AI ва илмий-технологик соҳаларда сиёсат ва мутахассислар алмашинувини кенгайтиришни назарда тутади.

Ўзбекистон томони эса AI технологияларини биргаликда ишлаб чиқиш ва жорий этишда ёшларнинг ролини алоҳида таъкидлаган. Қозоғистон томони эса Астанадаги AI SilkNet маркази орқали Марказий Осиё давлатларининг илмий муассасалари, университетлари ва IT компанияларини бирлаштиришни, шунингдек, минтақа учун AI Talent дастурини ишга туширишни таклиф қилган.

Бу ташаббуслар амалга ошса, ҳамкорлик фақат Корея технологиясини Марказий Осиёга олиб кириш билан чекланмай, минтақада мутахассислар тайёрлаш ва қўшма технологик маҳсулотлар яратишга ўтиши мумкин.

"Яшил" энергетика ва сув масаласи ҳам кун тартибида

Корея ва Марказий Осиё давлатлари иқлим, энергетика ва атроф-муҳит бўйича ташаббусни ҳам қабул қилган. Унда углерод чиқиндиларини камайтириш, яшил трансформация, сув ресурсларини бошқариш, ўрмонларни тиклаш ва энергетика ўтиш жараёнларида ҳамкорликни кучайтириш белгиланган.

Бу Марказий Осиё учун айниқса муҳим, чунки минтақа сув танқислиги, иқлим ўзгариши ва энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш масалаларига дуч келмоқда.

Қозоғистон Кореянинг сув тежовчи технологияларини жалб қилиш, сув ресурсларини рақамли ҳисобга олиш ва минтақавий сув тежамкор инфратузилмасини ривожлантириш бўйича қўшма дастур ишлаб чиқишни таклиф қилган.

Бизнес учун саммитнинг аниқ натижаси қандай бўлди?

Саммитнинг иқтисодий қисми ҳам алоҳида ўтказилган. Сеулда биринчи Корея — Марказий Осиё бизнес-саммити бўлиб ўтди. Унда Корея томонидан 170 дан ортиқ тадбиркор ва давлат вакили, Марказий Осиёнинг беш давлатидан эса 350 дан ортиқ ҳукумат ва бизнес вакили қатнашган.

Бизнес-саммитда 19 та бизнес ҳамкорлик меморандуми имзоланган, муҳим минераллар, энергетика, инфратузилма, инвестиция ва савдо йўналишлари қамраб олинган, 200 дан ортиқ экспорт музокаралари ўтказилган ва якунда 16 та экспорт шартномаси — жами 14 миллион долларлик битимлар тузилган.

Масалан, Қозоғистон билан камёб металлар бўйича таъминот занжирини яратиш, Ўзбекистонда фармацевтика ва биотехнология кластери бўйича ҳамкорлик, Қирғизистон билан эса ҳалол сертификатларини ўзаро тан олиш бўйича келишувлар имзоланган.

Нега айнан ҳозир Марказий Осиё Корея учун муҳим?

Бу ерда учта асосий омил бор.

Биринчиси — ресурслар. Марказий Осиё муҳим минераллар, уран, нефть, газ ва бошқа хомашё ресурсларига бой.

Иккинчиси — бозор. Минтақа иқтисодиётлари ўсиб бормоқда, инфратузилма, транспорт, энергетика ва рақамли технологияларга талаб ортиб бормоқда.

Учинчиси — география. Марказий Осиё Хитой, Россия, Кавказ, Жанубий Осиё ва Европа ўртасидаги транспорт йўлакларининг муҳим қисми ҳисобланади. Корея учун бу янги логистика ва савдо имкониятларини англатади.

Кореянинг расмий позициясида ҳам Марказий Осиёнинг энергия ва муҳим минераллар ресурслари, шунингдек, минтақанинг Евроосиёни боғловчи стратегик жойлашуви алоҳида қайд этилган.

Марказий Осиё учун асосий манфаат нимада?

Марказий Осиё давлатлари учун масала фақат Кореядан инвестиция олиш эмас. Муҳим жиҳат — хомашё экспортчиси бўлиб қолмасдан, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш занжирига кириш.

Масалан, литий ёки бошқа металлни фақат қазиб сотишдан кўра, уни қайта ишлаб, аккумулятор ёки электроника саноати учун материалга айлантириш кўпроқ қўшилган қиймат яратади. Саммитда Корея томони ҳам айнан шу моделни — "қидирувдан тайёр маҳсулотгача" бўлган занжирни яратишни илгари сурган.

Ўзбекистоннинг минтақавий саноат-технологик парк, муҳим минераллар инвестиция альянси ва 2030 йилгача савдони 20 миллиард долларга етказиш бўйича таклифлари ҳам шу мантиққа асосланган.

Бу саммитнинг энг катта фарқи нимада?

Саммитдаги келишувларнинг муҳим жиҳати — уларни амалга ошириш учун янги институционал механизмлар яратилганидир.

Яъни гап бир марталик президентлар учрашуви ҳақида эмас.

Корея ва Марказий Осиё саммит, саноат вазирлари мулоқоти, таъминот занжирлари, AI ва технология ташаббуслари, иқлим ва энергетика лойиҳалари, бизнес келишувлари каби кўп босқичли ҳамкорлик тизимини шакллантиришга ҳаракат қилмоқда. "Сеул декларацияси" эса шу жараён учун умумий сиёсий асос вазифасини бажаради.

Шу маънода, 16 сентябрдаги саммитнинг энг катта натижаси битта шартнома ёки битта инвестиция рақами эмас. Асосий ўзгариш — Корея ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорлик биринчи марта давлат раҳбарлари даражасида доимий, икки йилда бир марта ўтказиладиган форматга ўтказилганидир. 

Бироқ келишувларнинг барчаси бир хил даражада аниқ эмас: айримлари тайёр лойиҳалар ва тижорий шартномалар бўлса, бошқалари меморандум ёки истиқболли ташаббуслардир. Шунинг учун саммит натижасини баҳолашда имзоланган ҳужжатлар сонидан кўра, уларнинг кейинги икки йилда реал инвестиция, ишлаб чиқариш, экспорт ва технология лойиҳаларига айланиши муҳим бўлади. Бу масала халқаро ва корейс таҳлилчиларида ҳам алоҳида қайд этилмоқда.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...