Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон ва Қозоғистон йирик дата-марказлар қурилишини жадаллаштириб, Марказий Осиёнинг асосий рақамли хабига айланиш учун ўзаро курашга киришди. Мамлакатимизда Саудия Арабистонининг "DataVolt" компанияси томонидан 2026 йил охиригача "TAS-1" дата-маркази ишга туширилиши кутилаётган бўлса, қўшни давлат Екибастузда 10 миллиард долларлик "Data Center Valley" лойиҳасини амалга оширмоқда.
Хорижий оммавий ахборот воситалари хабар беришича, Ўзбекистон келажакда дата-марказларнинг умумий қувватини 500 мегаваттга етказишни мақсад қилган ва 2030 йилга бориб мамлакатда сунъий интеллект бозори ҳажми 1,5 миллиард долларга етиши прогноз қилинган. Қозоғистон лойиҳаси эса 1 гигаватт қувватга эга бўлиб, 100 мингта "Nvidia" чипини жойлаштиришга мўлжалланган ва унга АҚШ, Хитой ҳамда Ҳиндистоннинг 20 дан ортиқ йирик компаниялари қаттиқ қизиқиш билдирган.
Шунингдек, таҳлилчилар Қозоғистоннинг арзон ва мўл электр энергияси манбаларига эга эканини устунлик сифатида баҳоланган. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг "яшил" энергетикага урғу бераётгани, экологик тоза манбалари ҳамда кенгроқ ички бозор ҳажми ҳам муҳим афзаллик ҳисобланади.
Бундан ташқари, ҳар иккала мамлакат учун ҳам энг катта тўсиқ — барқарор ва узлуксиз энергия таъминотидир. Чунки сунъий интеллект инфратузилмаси жуда юқори даражадаги электр қувватини талаб қилади.
Олдинроқ Қорақалпоғистонда сунъий интеллект лойиҳалари ва дата-марказлар учун ташкил этилган махсус зонада инвесторларга 2040 йилгача барча турдаги солиқ ва божлардан озод этилиш имтиёзи берилганди.

Изоҳлар мавжуд емас