Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда жарима баллари тизими асосида қоидабузар ҳайдовчиларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиш бошланди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълумотларига кўра, айни пайтда 12 ва ундан ортиқ жарима баллини тўплаган ҳайдовчилар сони 107 нафарга етган.
Эндиликда ушбу ҳайдовчилар суд тартибида афтомототранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилади. Амалдаги қонунчиликка асосан, ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинган мазкур шахслар гувоҳномасини қайта тиклаш учун ўқув ташкилотларида тегишли тоифадаги ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув дастурининг тўлиқ назарий ҳамда амалий курсида мажбурий тартибда қайта ўқишади.
Маҳрум этилганлар учун назарий имтиҳон одатдагидек 20 та эмас, балки 50 та саволдан иборат бўлади. Имтиҳондан муваффақиятли ўтиш учун ҳайдовчилар камида 46 та саволга тўғри жавоб беришлари лозим. Назарий имтиҳондан сўнг амалий имтиҳон ҳам қайта топширилади.
Ҳайдовчилар ўзларининг амалда қанча жарима балли йиққанликларини Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг расмий Safe Road мобил иловасининг профиль дарчаси орқали текшириб олишлари мумкин.
Олдинроқ Тошкент шаҳрида Matiz русумли автомобиль ҳайдовчиси икки йил давомида 912 марта йўл ҳаракати қоидаларини бузгани аниқланиб, унинг транспорт воситаси жарима майдонига жойлаштирилганди.

Изоҳлар мавжуд емас