Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази жорий йилги Рамазон ойи учун закот нисоби, фитр садақаси ва фидя миқдорларини расман эълон қилди.
Закот нисоби
Закот нисоби 85 грамм тилланинг бугунги бозор қийматига мувофиқ 100 000 000 сўм деб белгиланди. Демак, мазкур миқдорда маблағга ёки шу қийматдаги тижорат молига эга бўлган мусулмонлар жами маблағларининг 2,5 фоизини (қирқдан бири) закот сифатида муҳтожларга беришлари фарз ҳисобланади.
Фитр садақаси ва фидя миқдорлари
Фитр садақаси ва фидя миқдорлари маҳсулотларнинг бозордаги нархига қараб қуйидагича белгиланди:
• Буғдой: 2 кг — 10 000 сўм;
• Буғдой уни: 2 кг — 12 000 сўм;
• Арпа: 4 кг — 20 000 сўм;
• Майиз: 2 кг — 110 000 сўм;
• Хурмо: 4 кг — 200 000 сўм.
Фитр садақасини беришда ҳар ким ўз имкониятидан келиб чиқиб, юқоридаги беш турдаги маҳсулотнинг хоҳлаган бирини ёки унинг қийматини танлаши мумкин. Ушбу маблағлар Рамазон ойи давомида ҳайит намози ўқилгунга қадар берилади.
Бир кунлик фидя миқдори ҳам фитр садақаси учун белгиланган маҳсулотлар қийматига тенг қилиб белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) аъзо мамлакатлар Мусулмонлар диний идоралари раҳбарлари кенгаши Самарқандда бўлиб ўтган йиғилишда 2026 йилги Рамазон ойи ва Ийд ал-Фитр (Рўза ҳайити) санасини биргаликда белгилаганди. Келишувга кўра, Рамазон ойининг илк куни 19 февраль, пайшанба кунига тўғри келади.

Изоҳлар мавжуд емас