Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистонда айрим компаниялар ёғ-мой маҳсулотлар нархини ноқонуний оширган бўлиши мумкин. Мухбиримиз хабар беришича, Монополияга қарши қурашиш қўмитаси вазиятни ўрганмоқда.
“Пахта ёғи нархининг ошишига асосий сабаб - бу ёғ ишлаб чиқарувчи давлатлардаги кунгабоқар ёғи нархининг кўтарилишидир. Лекин, олиб борилган ўрганишлар натижасида маҳаллий ишлаб чиқарувчи хўжалик юритувчи объектлар томонидан «Рақобат тўғрисида»ги қонун бузилиш аломатлари борлиги аниқланди. Улар вазиятдан фойдаланган ҳолда пахта чигитининг нархини асоссиз оширишган ёки унинг бозордаги таклифини сунъий сақлаб туришмоқда”, - дея таъкидлади Монополияга қарши курашиш қўмитаси.
Хусусан, Қўмитада ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан товар бозорида ўзаро рақобатчи бўлган пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперациялари ўртасида келишиб олинган ҳаракатлар ва келишувлар бор ёки йўқлигини аниқлаштирилмоқда.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси пахта ёғи нархларининг ўсишини олдини олиш учун битта харидор томонидан пахта ёғини 3 тоннадан кўп бўлмаган миқдорда товар ва хом ашё биржасида сотиб олиш ҳажмини чеклаган.
Рақобатга зид бўлган ҳаракатлар аниқланган тақдирда, Монополияга қарши курашиш қўмитаси компания ва шахсларга нисбатан Қонунда белгиланган тартибда зарур чоралар кўради.
Эслатиб ўтамизки, олдинроқ депутатлар ёғ нархини тушириш йўлини топишган. Улар импорт қилинадиган ўсимлик ёғини ҚҚСдан озод қилиш, экспортни эса чеклашни таклиф қилишган.
Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг
Изоҳлар мавжуд емас