Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда шаҳарсолик реновацияси жараёнларини тартибга солувчи янги қонун қабул қилинди. Ушбу ҳужжат билан мамлакатда қайси бинолар ва ҳудудлар янгиланиш дастурига тушиши, жараён қайси механизмлар асосида кечиши ҳамда лойиҳа ташаббускорлари кимлар бўлиши мумкинлигига аниқлик киритилди. Мазкур янги тартиблар 2026 йилнинг декабрь ойидан бошлаб расман кучга киради.
Қонунга кўра, турар ва нотурар жой объектларининг яроқлилиги, уларнинг авариявий ҳолатга келиб қолгани ҳамда инсонлар яшаши ёки ундан фойдаланиши учун хавфли деб топилгани реновация ўтказиш учун асосий пойдевор бўлади. Шунингдек, муайян бир ҳудуддаги ижтимоий муҳитга ва аҳоли ҳаётига салбий таъсир кўрсатаётган меъморий омиллар ҳам дастурни бошлашда инобатга олинади.
Лойиҳалар фақатгина биноларни бузиш билан чекланиб қолмай, балки бир нечта шаклда, хусусан, мавжуд объектларнинг асосий конструкцияларини ўзгартирмасдан реконструктсия қилиш, эски бинолар ўрнига янги замонавий иншоотлар тиклаш ҳамда бўшаган майдонларда яшил зоналар ва истироҳат боғлари барпо этиш орқали амалга оширилади.
Янги ҳужжатда реновация лойиҳаларини бошлаш ҳуқуқига эга бўлган томонлар ҳам аниқ кўрсатилган. Унга кўра, бундай таклиф ва ташаббуслар давлат органлари, бино ва ер участкаларининг қонуний мулкдорлари ёки инвестиция киритиш истагида бўлган учинчи шахслар (инвесторлар) томонидан илгари сурилиши мумкин.
Бундан ташқари, реновация жараёнларини тизимли молиялаштириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида махсус мақсадли жамғармалар ташкил этилиши белгиланган.

Изоҳлар мавжуд емас