Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қашқадарё вилоятида сохта ҳужжатлардан фойдаланиб 12 нафар фуқаро номига жами 783 миллион сўмлик кредит расмийлаштирганликда гумонланаётган шахслар қўлга олинди. Уларга нисбатан фирибгарлик ва ҳужжатларни қалбакилаштириш моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Вилоят ИИБ маълумотига кўра, гумонланувчилар Миллий гвардия ҳарбий қисми номидан қалбаки даромад тўғрисидаги маълумотномалар ҳамда қўриқлаш хизмати ходими гувоҳномасининг сохта нусхасидан фойдаланган.
Тергов версиясига кўра, Қарши шаҳрида яшовчи шахс қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб, улар орқали бошқа фуқаролар номига кредитлар расмийлаштирган. Илк кредит Ғузор туманидаги Миллий банк хизматлари офиси орқали 60 миллион сўм миқдорида олинган. Кейинчалик яна 11 нафар фуқаро номига ҳам шундай тарзда кредитлар расмийлаштирилган.
Гумонланувчилардан бири муқаддам магистратурага ўқишга киришни режалаштиргани, норасмий бухгалтерлик билан шуғулланганини айтган. Унинг сўзларига кўра, таниши қалбаки ҳужжатлар орқали кредит олиш схемасида иштирок этишни таклиф қилган ва у бунга рози бўлган.
Наманган вилоятилик яна бир гумонланувчи эса молиявий қийинчиликлар сабабли Қаршига келгани ва унга қалбаки ҳужжатлар орқали кредит расмийлаштириш таклиф қилинганини билдирган.
Наманганлик фуқаро номига яна бир кредит расмийлаштиришга уриниш вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар гумонланувчиларни қўлга олган. Тезкор тадбирлар давомида ашёвий далиллар мусодара қилинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг фирибгарлик ва ҳужжатларни қалбакилаштиришга оид моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Барча гумонланувчилар қамоққа олинган.
Олдинроқ ҳам Андижон ва Сирдарё вилоятларида ҳоким ёрдамчилари ҳамда тадбиркорлар иштирокида аҳоли учун ажратилган имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштириш билан боғлиқ навбатдаги фирибгарликлар фош этилганди.

Изоҳлар мавжуд емас