Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Адлия вазирлиги ва Марказий банк томонидан масофавий молиявий хизматлар кўрсатишда киберхавфсизликни таъминлаш ва фирибгарлик (фрод) ҳолатларининг олдини олиш бўйича янги тартиб давлат рўйхатидан ўтказилди.
Янги Низомга кўра, эндиликдa фирибгарлар томонидан номига асоссиз равишда онлайн кредит расмийлаштирилган фуқаролардан ушбу қарздорликни ундириш вақтинча тўхтатиб қўйилади. Бу фуқароларнинг ҳуқуқларини кибержиноятлардан ҳимоя қилишда муҳим қадам бўлди.
Агар фуқаро терговчи, прокурор ёки суд томонидан онлайн кредит фирибгарлиги қурбони (жабрланувчи) деб эътироф этилса, кредит ташкилоти асосий қарз ва унга ҳисобланган фоизларни ундиришни дарҳол тўхтатади.
Кредит ташкилоти етказилган моддий зарарни фуқародан эмас, балки фирибгарликни содир этган ҳақиқий айбдор шахсдан регресс тартибида ундириб олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Агар тергов ёки суд натижасида фирибгарлик ҳолати содир этилмагани аниқланса, банк кредит ва фоизларни ундиришни давом эттиради.
Кредит ва тўлов ташкилотлари, шунингдек, тўлов тизими операторлари зиммасига масофавий хизмат кўрсатишда минимал киберхавфсизлик талабларига риоя қилиш мажбурияти юкланган. Бу дегани, банклар онлайн кредит ажратишдан олдин мижоз шахсини тасдиқлашнинг янада ишончли усулларини қўллаши лозим.
Ушбу ҳужжат бугундан бошлаб қонуний кучга кирди.

Изоҳлар мавжуд емас