Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси хорижий автотранспорт воситаларини Ўзбекистонга олиб кириш ва олиб чиқиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Унга кўра, хорижий автомобилларнинг мамлакат ҳудудида бўлиш муддатини амалдаги 90 кундан 180 кунгача узайтириш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, божхона тўловларини кечиктириб тўлаш муддати 60 кундан 120 кунгача оширилиши назарда тутилган.
Қонун лойиҳасида божхона тўловларини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашда ҳисобланадиган фоиз ставкаларини Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасига тенглаштириш ҳам таклиф этилган. Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари учун умумий таъминот миқдорини камайтириш механизмлари жорий этилиши мумкин.
Ҳужжат билан лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари доирасида ариза ҳамда унга илова қилинадиган ҳужжатларни божхона органларининг «Ягона дарча» ахборот тизими орқали қабул қилиш имкониятларини кенгайтириш ҳам режалаштирилган.
Қонун лойиҳаси ҳозирча биринчи ўқишда қабул қилинган. Таклифлар қонун сифатида кучга кириши учун кейинги парламент босқичларидан ўтиши ва белгиланган тартибда қабул қилиниши керак.
Олдинроқ Ўзбекистонда Хитой кредитлари ҳисобидан амалга оширилиши режалаштирилган ирригация лойиҳалари пудратчилар юқори нарх талаб қилгани сабабли кечикаётганлиги хабар қилинганди. Бу ҳақда 11 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги "Ҳукумат соати"да сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев маълум қилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас