Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда 300 дан ортиқ киши махсус қурилмалар орқали ОИВ инфекциясига мустақил тест топширди. Тест бепул ўтказилади, қон олиш талаб этилмайди ва натижа сўлак намунаси асосида 20–40 дақиқада тайёр бўлади.
Ушбу қурилмалардан фойдаланиш Президент қарорида белгиланган бўлиб, лойиҳа инфекцияни эрта аниқлашни осонлаштиришга, жумладан, меҳнат мигрантлари орасида текширув имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Ҳозирда қурилмалар Тошкент халқаро аэропорти, Республика ОИТСга қарши курашиш маркази, шунингдек, Андижон, Наманган, Сурхондарё, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Хоразм, Самарқанд, Фарғона ва Қорақалпоғистон аэропортларида ўрнатилган. Улардан Жиззах вилоятидаги "Зомин" санаторийсида ҳам фойдаланиш мумкин.
Тест топшириш учун фойдаланувчи шахсини тасдиқловчи ҳужжатни сканердан ўтказади, тест тўпламини олади ва текширувни мустақил амалга оширади. Фойдаланувчи ҳақидаги маълумотлар электрон тизимга киритилади. Бу натижа бўйича қайта алоқа ўрнатиш, маслаҳат бериш ва зарур ҳолларда мутахассисларга йўналтириш учун керак.
Тестнинг ижобий натижаси инсонда ОИВ борлигини узил-кесил тасдиқламайди. Ташхисни аниқлаш учун ҳудудий ОИТСга қарши курашиш марказида лаборатория текширувидан ўтиш зарур. Агар инфекция тасдиқланса, бемор бепул тиббий кузатув ва даволаниш билан таъминланади.
2026 йил охиригача бундай қурилмаларни Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ўрнатиш режалаштирилган.
Ўтган йили Тошкент вилоятида ОИВ инфекциясига чалинган 27 ёшли аёлга нисбатан жиноят иши очилганди. У ўз ташхисини билган ҳолда, бошқа одамга юқтириш хавфини келтириб чиқариб, жинсий алоқа қилишга уринган эди.

Изоҳлар мавжуд емас