Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президентнинг "Таълим ва илм-фан вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Ҳужжатга кўра, Таълим ва илм-фан вазирига истисно тариқасида 2027 йил 1 февралга қадар Вазирликнинг марказий аппаратига ходимларни тўғридан-тўғри суҳбат асосида ишга қабул қилиш ваколати берилди.
Қарорга мувофиқ, Таълим ва илм-фан вазирлиги таълим, илм-фан ва илмий фаолият соҳасидаги ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.
Вазирликда аҳоли мурожаатларини тезкор кўриб чиқиш учун аутсорсинг асосида "Call-марказ" ҳамда фуқаролар ва соҳа ходимлари билан мулоқотни таъминловчи қайта алоқа тизими йўлга қўйилади.
Шунингдек, вазир ҳузурида таълим олувчилар, ота-оналар, педагоглар ва иш берувчилар вакилларидан иборат Таълим бўйича жамоатчилик кенгаши ташкил этилади.
Вазирлик ҳайъати эса вазир, унинг ўринбосарлари, агентлик директорлари, етакчи ОТМ ректорлари, олимлар ва педагоглардан иборат 15 нафар аъзо таркибида тузилади.
Ислоҳотлар доирасида Президент Администрацияси ҳузурида Инсон капиталини ривожлантириш ва узлуксиз таълим стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилмоқда.
Вазирлик ҳузурида эса Инсон капиталини ривожлантириш жамғармаси, Таълим ва илм-фан бўйича стратегик тадқиқотлар ва баҳолаш маркази ҳамда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ташкил этилмоқда.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Таълимни ривожлантириш маркази фаолияти эса тугатилмоқда.
Олдинроқ Бош вазир биринчи ўринбосари таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларини мувофиқлаштириши ҳақида хабар берилганди.

Изоҳлар мавжуд емас