Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Олий суди мамлакат ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ва намойиш этилиши тақиқланган диний экстремистик ҳамда террористик мазмундаги манбаларнинг янгиланган рўйхатини эълон қилди. Охирги маълумотларга кўра, ушбу рўйхатга киритилган ресурслар ва материалларнинг умумий сони 1915 тани ташкил этиб, икки минглик маррага яқинлашиб қолган.
Олиб борилган таҳлиллар шуни кўрсатадики, ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилувчи манбаларнинг асосий қисми ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар улушига тўғри келмоқда.
Хусусан, тақиқланган ресурсларнинг қарийб ярми, яъни 886 таси Telegram мессенжерида фаолият юритган. Шунингдек, чекловга учраган манбалар орасида Instagram тармоғидаги 405 та, Facebook иловасидаги 276 та, YouTube платформасидаги 202 та ҳамда "TikTok"даги 68 та профил ва каналлар мавжуд. Бундан ташқари, рўйхатдан Odnoklassniki ва Threads тармоқларидаги саҳифалар, 13 та алоҳида веб-сайт ҳамда радикал мазмундаги 20 та китоб, маъруза ва нашидалар ҳам жой олган.
Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов фуқароларни бу каби материаллардан йироқ бўлишга чақириб, диний ақидапарастлик ва экстремизм ғоялари инсон тақдири ҳамда жамият келажагини издан чиқаришидан огоҳлантирган. Тақиқланган диний материаллар рўйхатини қуйидаги ҳавола орқали кўришингиз мумкин. Рўйхат
Аввалроқ Ўзбекистонда диний материаллар ва профилларни текшириш имконини берувчи @dinuzbbot Telegram-боти ишга туширилганди. Маълум қилинишича, бот Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Дин ишлари бўйича қўмитанинг қўшма ташаббуси асосида яратилган бўлиб, ижтимоий тармоқларда экстремизм ва радикал ғоялар тарқалишига қарши курашишга қаратилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас