Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда диний материаллар ва профилларни текшириш имконини берувчи @dinuzbbot Telegram-боти ишга туширилди. Маълум қилинишича, бот Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Дин ишлари бўйича қўмитанинг қўшма ташаббуси асосида яратилган бўлиб, ижтимоий тармоқларда экстремизм ва радикал ғоялар тарқалишига қарши курашишга қаратилган.
Лойиҳа орқали фуқаролар диний материалларга рухсат берилгани, айрим шахс ва ташкилотлар фаолиятининг қонунийлиги ҳақида тезкор маълумот олиши мумкин.
Бот орқали фойдаланувчилар Олий суд қарори билан тақиқланган профилларни текшириши, диний адабиётлар ҳақида маълумот олиши, тақиқланган шахс ва ташкилотлар рўйхати билан танишиши мумкин. Шунингдек, расмий диний сайт ва каналларга ўтиш, ҳуқуқий ҳужжатларни ўрганиш, умра ташкил қилиш учун лицензияга эга туристик фирмаларни текшириш ҳамда бот фаолияти бўйича таклиф ва фикр қолдириш имконияти мавжуд.
Қайд этилишича, мазкур хизмат аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, айниқса ёшларни ноқонуний диний контент таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Ботдан фойдаланиш учун Telegram орқали @dinuzbbot манзилини топиб, "Старт" тугмасини босиш ва лотин ёки кирилл алифбосидан бирини танлаш керак бўлади.
Аввалроқ Олий суд экстремистик ва террористик деб топилган интернет-ресурслар рўйхатини эълон қилган эди. Унда тақиқланган материаллар энг кўп Telegram ва Instagram платформаларида тарқалгани қайд этилган.

Изоҳлар мавжуд емас