Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бугун, 15 июль куни "Ўзархив" агентлиги журналистлар иштирокида матбуот анжумани ўтказди. Тадбирда Ўзбекистонда шу йилнинг сентябрь ойидан бошлаб аҳоли ўз аждодлари тарихини излаб топиши ва тизимлаштиришига мўлжалланган "Шажара" ахборот тизими ишга туширилиши эълон қилинди. Аммо ушбу лойиҳа атрофида жамоатчиликни қизиқтираётган бир қатор очиқ саволлар ҳамон долзарблигича қолмоқда.
Хусусан, оилавий тарихига оид ҳеч қандай дастлабки маълумот ёки ҳужжатга эга бўлмаган фуқаролар ушбу тизимдан қандай фойдаланиши ҳозирча номаълум. Матбуот анжуманида ўз аждодлари ҳақида мутлақо маълумотга эга бўлмаган шахслар учун тизимнинг ишлаш механизми бўйича расмий ва аниқ тушунтиришлар берилмади. Бундан ташқари, хизмат кўрсатиш пуллик асосда бўлиши айтилган бўлса-да, тарифлар миқдори очиқланмади.
Шу билан бирга, агентлик вакиллари платформанинг техник имкониятлари ва хавфсизлик чоралари халқаро талаблар даражасида ташкил этилганини билдирди.
Оиласининг фақат уч-тўрт авлодинигина билиб, қолган аждодлари ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаган фуқароларга енгиллик яратиш мақсадида тизим кенг қамровли интеграция асосида ишлаши таъкидланди. Жумладан, зарур маълумотлар Давлат ташкилотларининг электрон базалари, тарихий, хусусан, эски ўзбек ёзувидаги газета ва нашрлар ҳамда Қозоғистон, АҚШ ва Беларусь давлат архивлари орқали излаб топилади.
Янги ахборот тизими махсус методологик жараён асосида фаолият юритади. Унга кўра, фойдаланувчилар ўзларининг шахсий кабинетлари орқали қўлларида мавжуд бўлган барча маълумотларни тизимга киритишлари мумкин. Ушбу маълумотлар нафақат матн, балки фотосурат, видеолавҳа, аудиоёзув ва бошқа турдаги медиафайллар кўринишида ҳам қабул қилинади.
Лойиҳада архив ҳужжатлари ва "Шажара" тизимига киритилган маълумотлар хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратилган. Давлат ташкилотларининг экспертиза хулосалари асосида йўлга қўйиладиган ушбу ҳимоя тизими уч босқичдан иборат бўлади.
Ҳозирги пайтда лойиҳанинг биринчи босқичи муваффақиятли якунланган бўлиб, қолган икки босқич доирасида тизимнинг тўлиқ ва ишончли киберҳимояси таъминланиши таъкидланди.
"Шажара" платформаси ўз аждодлари тарихига бефарқ бўлмаган ҳар бир ўзбекистонлик учун ноёб имкониятга айланиши кутилмоқда. Бироқ тизимнинг оммалашиши кўп жиҳатдан тарифларнинг ҳамёнбоплиги ва одамларга кўрсатиладиган амалий кўмак сифатига боғлиқ бўлиб қолади.

Изоҳлар мавжуд емас