Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қурбон ҳайити арафасида мамлакатдаги эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида "Вақф" хайрия жамоат фондига 690 миллиард сўм маблағ ажратилиб, оғир хасталикка чалинган 10 минг нафар болага операциялар ўтказилади.
Президент Шавкат Мирзиёев тиббий ва ижтимоий кўмакка қаратилган мазкур таклифлар тақдимоти билан танишган. Янги дастурга кўра, тиббий ёрдам кўлами фақат болалар билан чекланмайди: 2,3 минг нафар онкологик ва гематологик бемор тиббий текширув ҳамда даволанишдан ўтказилади, шунингдек, камида 350 нафар фуқаронинг жигар ва буйрак трансплантацияси харажатлари қоплаб берилади.
Ижтимоий қўллаб-қувватлаш йўналишида 8 минг нафардан зиёд етим, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ҳамда Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ҳарбийларнинг фарзандлари омонат ҳисобварақларига 200 доллардан пул маблағи ўтказилади. Давлат таъминотидаги оилалар ва ёлғиз кексалар озиқ-овқат тўпламлари билан таъминланади.
Шу билан бирга, ажратилган маблағлар ҳисобидан 500 та масжидда замонавий таҳоратхоналар қурилади ва таъмирланади, жойлардаги қабристонлар обод қилинади. Давлат раҳбари ушбу тадбирларни шаффоф ва манзилли ташкил этиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқларни берган.

Изоҳлар мавжуд емас