Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди апелляция инстанцияси Термиз шаҳрида 217 туп қимматли навли дарахтларнинг ўзбошимчалик билан кесиб ташланиши натижасида табиатга 2 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказган собиқ амалдорни айбдор деб топди.
Суд ҳукмига кўра, Термиз шаҳар қурилиш бўлими собиқ бошлиғига иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Эҳтиёт чораси сифатида дастлабки қамоқда сақланган муддати инобатга олиниб, унинг ўташи лозим бўлган якуний жазо муддати 1 йил 5 ой 15 кун этиб белгиланган.
Собиқ мансабдор Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан айбли деб топилган.
Иш ҳужжатларига кўра, собиқ бўлим бошлиғи ва бир компания раҳбари ўзаро тил бириктириб, шаҳарнинг "Дўстлик" маҳалласи ҳудудидаги дарахтларни кўчириш ниқоби остида 20 миллион сўмлик сохта шартнома расмийлаштирган. Ваҳоланки, вилоят Экология ҳамда Миллий гвардия бошқармалари томонидан ҳудуд хатловдан ўтказилиб, қимматли дарахтларни кесиш бўйича қилинган мурожаат қонуний асосларда расман рад этилган бўлган.
Тақиқларга қарамай, қурилиш майдонидаги 101 туп "Шарқ биотаси", 61 туп "Элдор қарағайи", 36 туп "Виргин арчаси", 16 туп чинор ва 4 туп тут — жами 217 туп дарахт бутунлай йўқ қилинган. Экспертиза хулосасига кўра, ушбу ҳаракат билан экологияга жами 2 миллиард 69 миллион 437 минг 500 сўм миқдорида йирик моддий зарар етказилган.
Апелляция судида айбланувчи ўзини айбсиз деб даъво қилиб, қурилиш фирмасига фақат "ёрдам бергани"ни айтган бўлса-да, суд тўпланган рад этиб бўлмас далиллар асосида ушбу важларни рад этган.

Изоҳлар мавжуд емас