Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Фарғона вилояти ИИБ ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида Қўқон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирларда криптоактивларнинг ноқонуний айланмаси билан шуғулланиб келган икки нафар маҳаллий фуқаро қўлга олинди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг маълумотларига кўра, гумонланувчилар томонидан амалга оширилган ноқонуний транзакцияларнинг умумий ҳажми 13,5 миллиард сўмдан ошиб кетган. Тезкор тадбир давомида уларнинг мобил телефонлари ва криптобиржалардаги шахсий аккаунтлари текширилганда, рақамли активларнинг яширин савдоси билан шуғулланиб келингани фош этилган.
Тергов материалларига кўра, қўлга олинганларнинг биринчиси 2024 йилнинг апрель ойидан буён мобил телефони орқали криптоҳамёнларни рўйхатдан ўтказиб, 1 миллиард сўмдан зиёд ҳажмдаги маблағни қонунга хилоф равишда айлантирган. Ушбу ҳолат бўйича ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Иккинчи тезкор тадбир давомида қўлга олинган яна бир қўқонлик фуқаро эса криптобиржа иловаси орқали йирик ҳажмдаги яширин савдоларни амалга ошириб келган. Дастлабки баҳолашларга кўра, унинг криптоҳамёнлари орқали ўтган маблағлар миқдори 12,5 миллиард сўмдан ортиқни ташкил қилган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас