Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Конго Демократик Республикаси терма жамоаси Эбола эпидемияси туфайли жорий этилган чекловларга қарамай, 2026 йилда АҚШда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этиши мумкин.
Бу ҳақда Al Jazeera ва Match ТВ телеканаллари АҚШ Давлат департаментига таяниб хабар берди.
Аввалроқ АҚШ ҳукумати Эбола вируси тарқалиши хавфи туфайли сўнгги 21 кун ичида Конго Демократик Республикаси, Уганда ёки Жанубий Суданда бўлган хорижликларнинг мамлакатга киришини тақиқлаган эди. Бироқ Конго Демократик Республикаси миллий футбол жамоаси бундан мустасно.
Давлат департаментининг тушунтиришича, ҳозирда терма жамоа Европада машғулот ўтказмоқда, шунинг учун аксарият ўйинчилар санитария чекловларига тушмаслиги мумкин. Шу билан бирга, агар футболчилар яқинда Конго Демократик Республикасида бўлишган бўлса ҳам, улар кучайтирилган тиббий назоратдан ўтишлари, жумладан, тест ва эҳтимолий карантиндан ўтишлари талаб этилади.
Таъкидланишича, истисно фақат футболчилар ва жамоанинг расмий делегациясига тааллуқли. Конголик оддий мухлислар учун чекловлар ўз кучида қолмоқда.
19 май ҳолатига кўра, Конго Демократик Республикасида 513 дан ортиқ Эбола вируси юқтириш ҳолати қайд этилган, 131 киши вафот этган.
2026-йилги жаҳон чемпионатида Конго ДР терма жамоаси Ўзбекистон, Португалия ва Колумбия терма жамоалари билан бирга К гуруҳида иштирок этади. Жамоа илк ўйинини 17 июнь куни Техасда Португалияга қарши ўтказади.
Терма жамоа бош мураббийи Себастьен Десабр аввалроқ Европа ва Хюстонда жамоа тайёргарлиги давом этаётгани, Киншасдаги йиғин босқичи эса санитария чекловлари туфайли бекор қилинганини маълум қилганди. FIFA таъкидлашича, улар Конго Демократик Республикаси соғлиқни сақлаш идоралари ва футбол расмийлари билан яқин алоқада бўлишда давом этмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас