Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда тергов ва суриштирув босқичида инсон ҳуқуқлари кафолатлари кучайтирилади. "Одил судлов - 2030" стратегияси доирасида тергов судьяларига ҳибсга олишнинг қонунийлигини ва гумон қилиш ёки айблаш учун асосларнинг етарлилигини текшириш имконини берувчи "асосли шубҳа" стандартини жорий этиш таклиф этилмоқда.
Янги ёндашувларга кўра, санкция масаласини кўриб чиқишда тергов судьяси шахсни ушлаб туриш қанчалик қонуний амалга оширилганлигини, гумон қилиш ёки айблов эълон қилиш учун етарли асослар бор-йўқлигини текшириши, шунингдек, қўшимча материалларни талаб қилиши мумкин бўлади.
Ҳукумат бу фуқароларнинг эркинлигини асоссиз чеклашнинг олдини олади ва судгача бўлган иш юритиш босқичидаги хатти-ҳаракатлар устидан суд назоратини кучайтиради, деб ҳисоблайди.
Яна бир янгилик - очиқ "Прецедентлар реестри" яратилади. Унга суд амалиёти бир хиллигини таъминлаш мақсадида Олий суд Раёсатининг қарорлари киритилади.
Шунингдек, Стратегияда суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлаш ва судьялар ҳамжамияти органлари фаолияти самарадорлигини ошириш кўзда тутилган. Конституциявий суд ишларини юритишни такомиллаштириш ва суд тизими ходимларини, шу жумладан, хорижда касбий тайёрлаш имкониятларини кенгайтириш режалаштирилган.
Фуқароларнинг мурожаатлари ва жамоатчилик фикрига алоҳида эътибор қаратилди. Ислоҳотлар доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг президентга мурожаатлари билан ишлаш, шунингдек, давлат сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича жамоатчилик фикрини мониторинг қилиш ҳамда аҳоли ва бизнес муаммоларини ўрганиш ташкил этилади.
"Одил судлов - 2030" стратегияси 2030 йилгача мўлжалланган. Уни амалга ошириш учун 2026-2028 йилларда 160 та аниқ чора-тадбирлар кўзда тутилган. Суд тизими раҳбарлари билан учрашув якунида президент ҳужжатни тасдиқлади ва тегишли фармонни имзолади.
Аввалроқ Ўзбекистонда камида уч тоифадаги жиноятлар суд ҳайъати иштирокида кўриб чиқилиши хабар қилинганди.

Изоҳлар мавжуд емас