Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни қайта тиклаш масаласи муҳокама қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги маълум қилди.
Транспорт соҳаси вакиллари ҳамда Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Шадурди Мередов иштирокидаги музокараларда икки давлат ўртасида ҳаво қатновларини қайта йўлга қўйиш, шунингдек, юк ташиш шароитларини яхшилаш масалалари кўриб чиқилди.
Мулоқот давомида ҳайдовчилар учун электрон виза олиш тартибини соддалаштириш, “Фарап–Олот” чегара пунктида кутиш вақтини қисқартириш ҳамда нейтрал ҳудудда иккинчи кўприк қуриш масалалари муҳокама қилинди. Туркман томони ушбу таклифларни мамлакатнинг тегишли давлат органларига етказишга тайёрлигини билдирди.
Ўзбекистон ва Туркманистон пойтахтлари ўртасидаги тўғридан-тўғри авиақатновларни қайта тиклаш масаласи аввал ҳам бир неча бор кун тартибига қўйилган. Хусусан, 2025 йил август ойида Ўзбекистон Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов томонлар бу борада келишувга эришганини маълум қилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас