Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Афғонистонга электр энергиясини мамлакатдаги ички талаб тўлиқ қондирилгандан кейин қоладиган ортиқча қувват ҳисобидан экспорт қилади. Бу ҳақда энергетика вазири Шерзод Хўжаев 13 август куни Президент Шавкат Мирзиёевга ўтказилган тақдимотдан сўнг маълум қилди.
Вазирнинг таъкидлашича, Афғонистонга экспорт қилинадиган электр энергияси ҳажми ички эҳтиёж тўлиқ таъминланганидан кейин қоладиган қисм ҳисобидан шакллантирилади. Айниқса, қуёш ва шамол электр станциялари юқори қувватда ишлайдиган даврларда юзага келадиган мавсумий ортиқча электр энергиясини экспорт қилиш иқтисодий жиҳатдан самарали бўлиши мумкин.
Тақдимотда Афғонистонда электр тармоқлари ва подстанциялар қуриш билан боғлиқ лойиҳалар ҳам муҳокама қилинган. Президент "Сурхон–Пули-Хумри" юқори кучланишли электр узатиш тармоғини барпо этиш лойиҳасини жадаллаштириш бўйича топшириқ берган.
Ўзбекистон ва Афғонистон 2025 йилда электр узатиш тармоқлари ҳамда подстанциялар қуриш бўйича тўртта шартнома имзолаган. Улар орасида 200,6 километрлик "Сурхон–Пули-Хумри" электр узатиш тармоғини қуриш, "Хўжа-Алвон" подстанциясини кенгайтириш, Қобулдаги "Бутхак" подстанциясидан Нангарҳардаги "Шайх Мисри" подстанциясигача янги 220 кВ электр узатиш тармоғини қуриш каби лойиҳалар бор.
Айни пайтда Афғонистон электр энергиясининг қарийб 80 фоизини импорт қилади. Ўзбекистон эса мамлакатнинг электр энергияси бўйича энг йирик ташқи етказиб берувчиларидан бири ҳисобланади.
Бундан ташқари икки мамлакат ўртасида савдо-содиқ ривожланиб бормоқда. Хусусан, Афғонистон кўмири Покистонга эмас, Ўзбекистонга экспорт қилинмоқда. Ўзбекистон кўмирнинг асосий харидорига айланган ва бунга жавобан Афғонистонга юқори сифатли цемент ва фармацевтика маҳсулотларини етказиб беришни мақсад қилган.
Шу билан бирга жорий йилнинг июль ойида Тошкент ва Қобул вакиллари ўтказган музокараларда ўзаро товар айланмасини 5 миллиард долларга етказиш ҳамда бизнес учун янада қулай шароитлар яратиш ниятида эканини тасдиқлаган
эди.

Изоҳлар мавжуд емас