Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 1 июлдан бошлаб Ўзбекистонда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ягона QR-код орқали тўловларни қабул қилиш тартиби кучга кирди. Янги тартиб Президентнинг 2025 йил 10 декабрдаги ПФ–246-сонли фармонига мувофиқ жорий этилди.
Янги тизим доирасида тижорат банклари ва уларнинг мижозлари учун uzqr.uz платформаси орқали ишлайдиган махсус шахсий кабинет ишга туширилган. У тўловлар мониторингини, маълумотлар алмашинувини рақамлаштириш ҳамда хизматлардан фойдаланишни соддалаштиришга хизмат қилади.
Шахсий кабинет орқали савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари статик ва динамик UzQR стикерларини масофадан туриб рўйхатдан ўтказиши, ҳар бир филиал учун алоҳида QR-кодлар яратиши ҳамда уларни марказлашган тарзда бошқариши мумкин.
Тизим, шунингдек, QR-кодларни блоклаш ва қайта фаоллаштириш, ҳар бир амалга оширилган тўлов бўйича Telegram ва SMS орқали тезкор хабарнома олиш, реал вақт режимида барча тўловлар ва транзакциялар ҳақида маълумот ҳамда таҳлилий ҳисоботларни кузатиш имконини беради.
Бундан ташқари, тадбиркорлар UzQR орқали қабул қилинган тўловларни бекор қилиш ва маблағни тўловчига қайтариш, давлат рўйхатидан ўтган онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассалар билан интеграция қилиш учун API калитларини шакллантириш имкониятига эга бўлади.
Марказий банк маълум қилишича, тизим иштирокчиларига техник ва ахборот жиҳатдан узлуксиз ёрдам кўрсатиш мақсадида 24 соат, ҳафтасига 7 кун ишлайдиган 1835 қисқа рақамли Call-марказ ҳамда @uzqr_uz_bot Telegram-боти ҳам ишга туширилган.
Янги UzQR тизими мамлакатда нақд пулсиз ҳисоб-китобларни кенгайтириш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида тўловларни ягона рақамли платформа орқали қабул қилиш ҳамда тадбиркорлар учун тўлов жараёнларини янада соддалаштиришга қаратилган.

Изоҳлар мавжуд емас