Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.Тошкент шаҳрида режалаштирилган шахсий қабулларнинг тахминан 60 фоизи ўтказилмаган бўлиб, бу аҳолининг юқори идораларга мурожаат қилиш кўрсаткичи ошишига сабаб бўлмоқда. Тақдим этилган инфографикага кўра, жорий йилнинг 1–22 июнь кунлари пойтахт туманлари ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан ўтказилиши лозим бўлган 196 та шахсий қабулдан 118 таси амалга оширилмай қолган.
Муаммолар жойларда ўз ечимини топмагани туфайли Тошкент шаҳрида яшовчи 1 772 нафар фуқаро Халқ қабулхонасига 3 364 та масала бўйича мурожаат йўллаган бўлса, яна 1 343 нафар аҳоли раҳбарларнинг шахсий қабулини сўраб Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналарига ариза берган.
Маҳаллий даражада ҳал этилиши мумкин бўлган масалаларнинг ўз вақтида кўриб чиқилмаётгани, аҳоли билан манзилли мулоқотнинг йўқлиги ва ижро ҳолати юзасидан аниқ маълумот берилмаётгани юқори идораларга бўлган оқимни кучайтирган. Энг кўп мурожаатлар Бош прокурор қабулига (175 та), Тошкент шаҳар ҳокими ёки унинг ўринбосарлари қабулига (92 та) ҳамда Олий суд раҳбарияти қабулига (76 та) тўғри келган.
Туманлар кесимидаги таҳлиллар шуни кўрсатадики, Чилонзорда режалаштирилган 15 та ва Яшнободда белгиланган 13 та шахсий қабулнинг бирортаси ҳам ўтказилмаган. Шунингдек, Мирзо Улуғбек туманида 22 тадан 17 та, Олмазор ва Сергели туманларида эса 16 тадан 14 та қабул ташкил этилмай қолган.
Пойтахт туманлари ичида фақатгина Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги режадаги барча 17 та қабулни тўлиқ ўтказган.

Изоҳлар мавжуд емас