Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.Қирғизистон ички бозорда ёнилғи-мойлаш материаллари (ЁММ) тақчиллиги юзага келишига йўл қўймаслик ва таъминот географиясини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон ва яна бир қатор давлатларга расмий мурожаат билан чиқди. Қирғизистон энергетика вазирлигининг маълум қилишича, ташқи бозордаги хавф-хатарларга қарамай, айни пайтда мамлакат ички бозорида вазият тўлиқ назоратга олинган ва ЁММнинг етарли захираси шакллантирилган.
Вазирлик жаҳон бозорида нефть нархининг ошиши, геосиёсий кескинлик ҳамда логистикадаги узилишлар каби ташқи омиллар импортга қарам бўлган ички бозорга босим ўтказаётганини тан олган. Хавфларни камайтириш ва таъминотни диверсификация қилиш мақсадида Бишкек Ўзбекистондан ташқари Россия, Қозоғистон, Беларусь, Озарбайжон ва Туркманистонга ҳам расмий сўровлар юборган.
Шу билан бирга, Қирғизистон ички бозорда ёнилғи ишлаб чиқаришни кўпайтириш чораларини кўрмоқда. Хусусан, "Кыргызнефтегаз" ва "Жунда" нефтни қайта ишлаш заводига маҳсулот ҳажмини ошириш топширилган. Нархларнинг асоссиз кўтарилиб кетмаслиги эса антимонополия хизмати ва нефть трейдерлари билан ҳамкорликда қатъий назорат қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг ўзида ҳам энергия барқарорлиги хавф остида турибди. Хусусан, Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида барпо этилган қиймати 5,8 миллиард долларлик "Мустақилликнинг 25 йиллиги" (М25) газ-кимё мажмуаси хомашё етишмовчилиги сабабли фаолиятсиз қолиш ва улкан металлоломга айланиш мумкин.

Изоҳлар мавжуд емас