Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент раислигида ўтказилган чорвачилик соҳасини қўллаб-қувватлашга бағишланган йиғилишда тизимда туб ислоҳотлар амалга оширилиши белгиланди. Янги тартибга кўра, 2027 йилдан бошлаб ветеринария соҳасидаги лаборатория текшируви, ҳайвонларни эмлаш, дезинфекция ва идентификация қилиш каби 6 та муҳим давлат функцияси хусусий секторга топширилади.
Ушбу вазифаларни ижро этиш мақсадида вилоят ҳокимларига йил якунига қадар ҳар бир ҳудудда камида иккитадан замонавий хусусий ветеринария клиникаси ва лабораториясини ташкил этиш вазифаси юкланди. Бу чора соҳада рақобатни кучайтириш ва хизмат кўрсатиш сифатини оширишга хизмат қилади.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш жараёнини назорат қилиш учун онлайн кузатиш тизими жорий этилади. Фермер ва деҳқонлар учун "Агро кўмакчи" мобил иловасида электрон "Дала дафтари" тизими ишга туширилади. Эътиборли жиҳати, мазкур тизимга интеграция қилинган сунъий интеллект зараркунандалар тарқалишини олдиндан башорат қилиш ва деҳқонларга тезкор тавсиялар бериш имкониятига эга бўлади.
2027 йилнинг мартига қадар озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича ягона автоматлашган ахборот платформаси яратилади. Ушбу тизим чегарадаги "Ягона дарча" билан интеграция қилиниши натижасида бюрократик тўсиқлар сезиларли даражада камаяди:
-
Импорт назорати: 9 кундан 2 кунгача;
-
Экспорт назорати: 3 кундан 1 кунгача қисқаради.
Бундай тезкорлик тадбиркорларнинг маҳсулотни омборларда сақлаш билан боғлиқ харажатларини йилига 70 миллиард сўмгача тежаш имконини беради. Шунингдек, фаол ва ҳалол ишлаётган фермерлар учун алоҳида рейтинг юритилиб, уларга қўшимча имтиёзлар тақдим этилади.

Изоҳлар мавжуд емас