Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасидаги "Қоплонбек" чегара божхона пости яқинида фуқаролардан пул талаб қилиб, уларга отвёртка билан таҳдид қилган шахс ушланди. Мазкур ҳолат акс этган видеолавҳа ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Полиция департаменти матбуот хизмати берган маълумотга кўра, ҳолат юзасидан зудлик билан жиноят иши қўзғатилган. Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида гумонланувчи дарҳол қўлга олинди. У Туркистон вилоятида яшовчи, муқим иш жойи ва турар жойига эга бўлмаган 43 ёшли шахс бўлиб чиққан.
Ҳозирда гумонланувчи Сариағаш тумани полиция бошқармасининг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган ва тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Полиция департаменти чегараолди ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масаласи қатъий назоратда эканини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, 9 май куни "Қоплонбек" назорат-ўтказиш пунктида одамлар ва транспорт воситалари тўпланиб қолганди. Навбатларга Ўзбекистон томонидаги техник носозликлар сабаб бўлган эди.

Изоҳлар мавжуд емас