Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида Болалар омбудсмани фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган янги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди. Ушбу ҳужжат вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.
Болалар омбудсмани бола манфаатларини кўзлаб фуқаролик ва маъмурий судларга даъво аризаси ёки шикоят билан мурожаат қилганда давлат божидан озод этилади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар болага нисбатан содир этилган жиноятлар бўйича иш қўзғатилгани ёки рад этилгани ҳақида Болалар омбудсманини мажбурий тартибда хабардор қилиши белгиланмоқда.
Шунингдек, болалар ҳуқуқларига дахлдор бўлган ҳар қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Болалар омбудсмани билан мажбурий тартибда келишилиши лозим бўлади. Омбудсманнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун алоҳида жавобгарлик чоралари белгиланмоқда.
Янги қабул қилинган ужжатда омбудсманни сайлаш, унинг дахлсизлик ҳуқуқи ва парламент олдидаги ҳисобдорлиги тартиблари ҳам аниқлаштирилган. Депутатларнинг фикрича, ушбу ўзгаришлар болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш ва суд жараёнларида уларнинг манфаатларини холис ҳимоя қилишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, онаси ижтимоий тармоқларда видеомурожаат қилган 18 ёшли оҳангаронлик билан боғлиқ вазият Омбудсман назоратига олинганди. Аёлнинг таъкидлашича, ўғлини ҳибсга олгандан сўнг махсус қабулхонага эмас, балки прокуратурага жўнатишган, у ерда овқатлантиришмаган ва адвокат билан учрашишга рухсат беришмаган эди.

Изоҳлар мавжуд емас