Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Мухбиримиз маълум қилишича, Ўзбекистонда бешинчи уяли алоқа оператори – янги Humans компанияси ишга тушмоқда.
2020 йил август ойида, Humans Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигидан уяли алоқа хизматларини кўрсатиш лицензиясини олган. 19 августдан 15 сентябргача компания Humans SIM-карталарига олдиндан буюртмаларни қабул қилишни бошлайди.
"Даставвал, “Humans”нинг Ўзбекистондаги мақомига аниқлик киритмоқчиман. Биз республикадаги бешинчи уяли алоқа операторимиз. Компания ўз хизматларини ишга тушириш учун барча лицензияларни олган. Биз Ўзбекистонда уяли алоқа қандай бўлиши лозимлиги тўғрисидаги тасаввурларни бутунлай ўзгартирамиз. Қанча трафик ва дақиқа кераклигини ўзингиз танлайсиз",- деди Humans асосчиси ва бош директори Владимир Добринин.
Унинг сўзларига кўра, компания келажакдаги фойдаланувчиларга мессенжерлар, ижтимоий тармоқлар, мусиқий илова ва видео хизматларидан чексиз фойдаланиш имкониятини яратади. Масалан, 25 минг сўмга бир ой давомида чексиз Инстаграм ва чексиз YouTubeни улаш мумкин.
Гуруҳнинг фаолият юритаётган лойиҳалари қаторида иш ва одамларни излаш учун сунъий интеллектдан фойдаланадиган HUMANS.net HR-tech платформасини кўрсатиш мумкин. 2020 йил июн ойида Humans гуруҳи молиявий хизматлар, уяли алоқа операторлари хизматлари ва онлайн-тўловни бирлаштирган финтех-дастурининг биринчи версиясини Ўзбекистонда тақдим этди.Humans компаниялари гуруҳи 2016 йилда ташкил этилган. У молия, телекоммуникация, ахборот алмашинуви ва тиббиёт соҳаларидаги технологик лойиҳаларни ривожлантиришга эътибор қаратади. Humans офислари Сингапур, Нью-Йорк, Москва, Санкт-Петербург, Минск ва Тошкентда жойлашган.
Изоҳлар мавжуд емас